
Боксчи Лазизбек Муллажонов допинг-тест натижалари туфайли спорт тадбирларидан вақтинча четлатилди, дея хабар беради World Boxing’нинг мустақил антидопинг дастурига масъул бўлган Халқаро тест агентлиги (ITA).
Спортчига антидопинг қоидаларини бузганлиги ҳақида хабар берилган. ITA маълумотларига кўра, 2025 йил 11 июнда боксчидан мусобақадан ташқари допинг-назорати доирасида намуна олинган. Натижада унинг организмидан метастерон метаболитлари топилган.
Метастерон Жаҳон антидопинг агентлиги (WADA) томонидан тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган ва S1.1 тоифасига киради — бу мушакларнинг тез ўсишига, куч ва чидамлиликни оширишга ёрдам берувчи синтетик анаболик андроген стероиддир. У мусобақа пайтида ҳам, ундан ташқарида ҳам тақиқланади.
Спортчи иш ҳақида хабардор қилинган ва “Б” намунасини таҳлил қилишни талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар “А” намунаси натижалари тасдиқланса ёки такрорий таҳлилдан воз кечилса, бу антидопинг қоидалари бузилганлиги деб тан олинади. Спортчи иш бўйича тушунтиришлар бериш имкониятига эга бўлади.
World Boxing антидопинг қоидалари ва Жаҳон антидопинг кодекси қоидаларига мувофиқ, Лазизбек Муллажоновга мажбурий вақтинчалик дисквалификация қўйилган. У бу қарор билан баҳслашиши мумкин.
Лазизбек Муллажонов — Париж-2024 Олимпия ўйинларининг 92 кг вазн тоифасида ғолиби. У шунингдек, 2021 йилда ҳарбийлар ўртасидаги жаҳон чемпиони. 2022 йилда Иорданиядаги қитъа чемпионатида супер оғир вазн тоифасида олтин медални қўлга киритган. Тошкентда бўлиб ўтган 2023 йилги жаҳон чемпионатининг бронза медали совриндори.
Аввалроқ, таэквондочи Улуғбек Рашитов антидопинг қоидаларини бузганлиги учун икки йилга дисквалификация қилинган эди. У 1 йил давомида 3 марта ўз жойлашган жойи ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш талабларини бузган ва қарор билан баҳслашмасликка қарор қилган. 2 карра олимпия чемпиони унинг дисквалификацияси тақиқланган моддаларни истеъмол қилиш билан эмас, балки жойлашган жойи ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш тартиби бузилганлиги билан боғлиқлигини айтган. Спортчи 2028 йилги Олимпиадада иштирок этишга умид қилмоқда.