Болалар оммавий заҳарланганидан сўнг Ўзбекистон боғчаларидаги маҳсулот етказиб бериш текширилмоқда

Тошкент вилоятида болаларнинг оммавий заҳарланишини тергов қилиш учун Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳи тузилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Заҳарланиш факти бўйича Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми (санитария қонунчилиги ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Иш бўйича давлат мактабгача таълим муассасаларида овқатлантириш хизматларини аутсорсинг асосида кўрсатадиган хусусий компаниялар вакиллари гумонланувчи сифатида ўтмоқда.

«Терговни батафсил, тўлиқ ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура назоратига олинди, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳи тузилди», — дейилади хабарда.

Тергов доирасида аутсорсинг компаниялари маҳсулот етказиб берган барча боғча тарбияланувчиларининг тўлиқ тиббий кўриги ва даволаниши ташкил этилди. Болаларнинг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда, оғир беморлар йўқ.

Бундан ташқари, бундай ҳолатлар такрорланишининг олдини олиш мақсадида давлат боғчаларидаги аутсорсинг тизими санитария ва гигиена нормаларига риоя этилиши юзасидан текшириш бошланди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани) офиси болаларни овқатлантириш хизматларини кўрсатиш тизимида доимий мониторингни жорий этиш зарурлигини баён қилди.

«Хусусан, хизмат кўрсатувчи (аутсорсинг) компаниялар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена талабларига қанчалик риоя этаётгани, шунингдек, етказиб берилаётган маҳсулотларнинг ўрнатилган стандартларга мувофиқлигини мунтазам текшириб бориш лозим. Бундан ташқари, болаларни овқатлантириш хизматларини кўрсатиш бўйича шартномалар тузишда коррупция хавфини бартараф этиш учун инсон омилининг таъсирини минималлаштириш муҳимдир», — дейилади хабарда.

Болалар омбудсмани, шунингдек, болаларга сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берган тадбиркорларга бундай фаолият билан яна шуғулланишга йўл қўймайдиган «қатъий механизм» жорий этишни таклиф қилди.

Ўтган ҳафтада Тошкент вилоятидаги касалхоналарга оммавий заҳарланиш шикояти билан 1922 нафар бола мурожаат қилган, 960 киши касалхонага ётқизилган эди. 2025 йил 28 сентябрь, якшанба тонги ҳолатига кўра, 182 нафар бемор даволанишни давом эттираётган эди.

Дастлабки тергов натижаларига кўра, заҳарланишга Shark Milk Product компаниясининг кефири сабаб бўлган бўлиши мумкин. Хабар қилинишича, вилоятнинг Бўка, Пскент, Бекобод, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги боғчаларга учта аутсорсинг компанияси хизмат кўрсатади. Уларнинг барчаси ачитилган сут маҳсулотларини Shark Milk Productдан сотиб олади.

Аввалроқ «Адолат» партияси фракцияси Қонунчилик палатасида Бош прокуратурага депутат сўрови юборган эди.