
Uzbekistan Airways ва Boeing компаниялари 8 та кенг фюзеляжли Boeing 787-9 Dreamliner самолётига бўлган опционларни қатъий буюртмага айлантириш бўйича келишувни имзоладилар ва умумий қатъий буюртма сонини 14 тадан 22 тагача оширдилар. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ҳамда АҚШ савдо вазири Говард Латник иштирокида Uzbekistan Airways бошқаруви раиси Шуҳрат Худайқулов ва Boeing сотув ва маркетинг бўйича вице-президенти Пол Риги томонидан имзо чекилди. Маросим 2025 йил 6 ноябрь куни Вашингтонда, Марказий Осиё ва АҚШ президентларининг «С5+1» форматидаги саммити доирасида бўлиб ўтди.
2025 йил 23 сентябрь куни, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга аввалги ташрифи чоғида, томонлар 14 та Boeing 787-9 Dreamliner самолётини етказиб бериш бўйича қатъий шартнома ва 8 та самолётга опцион имзолаган эдилар. Етказиб бериш 2031 йилдан бошланиши керак.
Бу авиаташувчи тарихидаги энг йирик бир марталик битим. Компания биринчи марта Boeing 787-9 самолётини қабул қилиб олади. Ушбу турдаги – 787-8 самолётларидан 2016 йилдан бери фойдаланиб келади. 787-9 варианти янада узунроқ фюзеляжга ва каттароқ сиғимга, шунингдек, парвоз узоқлигига эга.
Uzbekistan Airways ҳозиргача Марказий Осиёда бундай самолётларни эксплуатация қилувчи ягона компания бўлиб қолмоқда. Компания паркида ушбу турдаги 6 та самолёт мавжуд, яна 1 та самолёт Ўзбекистон Президенти томонидан фойдаланилади.
АҚШ Президенти Дональд Трамп ушбу битимга изоҳ бераркан, уни «буюк» деб атади, Шавкат Мирзиёевни эса «сўзининг устидан чиқадиган одам» деди. Унинг қўшимча қилишича, қиймати 8 миллиард доллар бўлган ушбу битим АҚШда 35 мингдан ортиқ иш ўрни яратади. АҚШ Савдо вазирлиги эса ўз навбатида, битим қиймати 8,5 миллиард долларни ташкил этганини маълум қилди.

