
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси делегацияси ишчи ташриф билан Москвада бўлиб турибди. У ерда Россия Федерал солиқ хизматининг блогерлар ва интернетда фаолият юритувчи бошқа шахслар даромадларини маъмуриятчилик қилиш амалиёти ўрганилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Томонлар солиқ хизмати брендини оммалаштириш, очиқликни ошириш ва фуқароларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида медиа ҳамжамият билан ўзаро ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.
Бундан ташқари, Россия томони солиқ тўловчилар учун қулай хизматлар, тушунарли тартиб-таомиллар ва қулай мулоқотни яратишга қаратилган сервисга йўналтирилган ечимларни тақдим этди.
Солиқ қўмитасида таъкидланишича, тажриба алмашиш энг яхши амалиётларни ўрганиш ва уларни келгусида Ўзбекистон солиқ маъмуриятчилиги тизимида қўллаш имкониятларини баҳолаш имконини беради.
Блогерлар бозори
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатиш соҳасидаги янги фаолият турлари расман ҳисобга олинди ва мамлакат ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажмига киритилди. Бу ҳақда 17 ноябрь куни бўлиб ўтган конференцияда Миллий статистика қўмитаси раиси Беҳзод Ҳамраев маълум қилган эди.
Унинг сўзларига кўра, хизмат кўрсатиш соҳаси алоҳида услубий мослашувчанликни талаб қилади — норасмий ва расмий сектор ўртасидаги фарқни «жуда эҳтиёткорлик билан» ҳисобга олиш зарур.
«Чунки янги турдаги хизматлар пайдо бўлмоқда. Масалан, курьерлик хизматлари, кейтеринг, овқатланишни ташкил этиш хизматлари, якка тартибдаги адвокатлик ва юридик хизматлар, карго ва юк ташиш, воситачилик хизматлари ва ҳоказо. Қийинчилик шунда эдики, янги турдаги хизматлар қамровга қўшилмоқда, лекин улар илгари норасмий секторда мавжуд бўлган ёки „соя“да бўлиб, расмий статистикада акс этмаган бўлиши мумкин эди. Шунинг учун уларни киритиш аввалги ва янги қамровлар ўртасидаги фарқни ҳисобга олишни талаб қилади», — деди.
Ушбу соҳада бозор хизматларининг умумий ҳажмига қўшимча равишда 10,2 трлн сўм киритилган:
- Курьерлик етказиб бериш хизматлари — 3,75 трлн сўм;
- Кейтеринг — 2,023 трлн сўм;
- Юридик хизматлар (якка тартибдаги адвокатлар) — 1,421 трлн сўм;
- Мотороллерларда юк етказиб бериш («Муравей») — 1,344 трлн сўм;
- Автомобиль бозорларидаги воситачилик хизматлари — 795,4 млрд сўм (тахминан 65 млн доллар);
- Блогерларнинг реклама фаолияти — 760,2 млрд сўм (62 млн доллар);
- Хусусий нотариуслар — 136 млрд сўм.
Статистика қўмитасидан тушунтиришларича, курьерлик хизмати почта жўнатмалари ва кичик жўнатмаларни (озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари) етказиб беришни ўз ичига олади. Ўзини ўзи банд қилган жисмоний шахсларнинг фаолият турлари рўйхатида бу фаолият «буюртма асосида товарларни етказиб бериш (юк ташишдан ташқари)» деб аталади.
Мотороллерларда юк етказиб бериш деганда кичик тоннажли транспорт воситалари, жумладан, бир тонналик ва 1500 килограммгача бўлган орқа борти очиладиган мини-юк машиналари тушунилади. Ҳудудларда транспортнинг электр моделларидан ҳам фаол фойдаланилмоқда.
Бундай ижрочилар ҳақидаги маълумотлар молия муассасаларининг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун мотороллерлар сотиб олишга берилган кредитлар тўғрисидаги маъмурий маълумотлари орқали тўпланган.
Блогерлар бозорини ҳисоблаш учун Солиқ қўмитаси маълумотларидан фойдаланилган. Ҳисоб-китобларда ўзини ўзи банд қилганлар реестрида расман рўйхатдан ўтган блогерлар инобатга олинган.
Юридик шахслар (агентликлар) орқали фаолият юритадиган йирик блогерлар ушбу тоифага кирмайди, шунинг учун блогерлардаги реклама бозори амалда анча катта.
Автомобиль бозорларидаги воситачилар
Автобозорлардаги воситачилар — эгаларига машина сотишда ёрдам берадиган «дилерлар» ҳам ўзини ўзи банд қилганларга киради. Улар машиналарни ўз балансига сотиб олмайдилар, балки кўрсатилган хизматлар учун тахминан 100 доллар миқдорида комиссия оладилар. Бундай шахслар учун махсус алоҳида реестр йўқ, лекин улар муайян фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатга олинган.
Адвокатлар
Статистика қўмитаси маълумотларига кўра, адвокатлар адвокатлик бюролари таркибида ишлайдилар ва мажбурий лицензияларга эга. Лицензияланган адвокатлар реестри уларнинг соҳавий ассоциацияси расмий сайтида жойлаштирилган.
Шу билан бирга, расмий ҳисоботлар ва бюроларнинг реал даромадлари ўртасида сезиларли фарқ борлиги қайд этилган. Ҳисоб-китоблар уй хўжаликларининг юридик хизматлар учун харажатлари асосида амалга оширилган.
Тўпланган маълумотлар асосида бозор хизматлари ҳажми қайта ҳисоблаб чиқилди.