
«Sirojiddin Media» YouTube-канали муаллифи, блогер Сирожиддин Одилов фирибгарликда гумонланиб қўлга олинди, деб хабар берди Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси.
Идора маълумотларига кўра, Пастдарғом тумани ички ишлар бўлимига 1961 йилда туғилган фуқаро мурожаат қилган. У 2024 йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида яшовчи Одиловга бошқа шахс билан бўлган молиявий низони ҳал қилишда ёрдам сўраб мурожаат қилганини билдирган.
«Бироқ С. О. ваколатли шахс бўлмаса-да, масалани жабрланувчининг фойдасига ҳал қилиб беришни ваъда қилиб, ундан маълум миқдордаги пул маблағларини олган. Аризачининг сўзларига кўра, С. О. шу вақтга қадар берган ваъдасини бажармасдан, уни алдаб келган. Шу муносабат билан аризачи қонуний чора кўришни сўраган», — дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Сирожиддин Одиловга нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми (фирибгарлик) ва 28-модда орқали 211-моддаси (пора беришда иштирокчилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Эътиборли жиҳати, ИИБнинг дастлабки хабарида блогер ЖКнинг 211-моддаси (пора бериш) билан айбланган эди, бироқ кейинроқ матнга тузатиш киритилди.
«Эзгулик» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов қўлга олиш жараёнини шарҳлар экан, блогерга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бошиданоқ процессуал қоидабузарликлар билан кечганини таъкидлади. Эҳтиёт чорасини қўллаш бўйича бўлиб ўтган суд мажлисига пойтахтдан икки нафар адвокат келган, бироқ ордерлари бўлишига қарамай, улар жараёнда иштирок этишга қўйилмаган, деди. Уларнинг ўрнига давлат томонидан тайинланган адвокат иштирок этган.
«Ҳимоя ҳуқуқи шахснинг императив ҳуқуқидир ва унинг бузилиши жиноят ишининг холисона кўриб чиқилишига шубҳа уйғотади», — деб ёзди Ташанов.
Сирожиддин Одилов YouTube’да 900 мингдан ортиқ обуначига эга «Sirojiddin Media» лойиҳасини юритади, унинг Facebook’да 50 мингга яқин, Instagram’да эса 30 мингдан ортиқ обуначиси бор. Сўнгги вақтларда у Фурқат туманидаги 29-мактаб директори Гулираъно Қосимованинг Фурқат тумани ИИБ раҳбарлари билан судлашиш жараёнини ёритиб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 16 январь куни Taftish.uz лойиҳасига алоқадор беш киши қўлга олинган эди. Ғайрат Абераев, Азизжон Йўлдошев, Сардор Ҳамидов, Маржона Эшқувватова ва Дилшод Нишонов товламачилик, фирибгарлик, туҳмат ва ёлғон маълумот тарқатишда айбланмоқда.
2026 йил 20 январь куни Марғилондаги суд «Антикоррупция» нашри мухбири Элёр Тожибоевни туҳмат, ҳақорат қилиш, товламачилик, ҳокимият вакилига қаршилик кўрсатиш, ҳужжатларни эгаллаш, йўқ қилиш, шикастлантириш ёки яшириш, шунингдек, ёлғон маълумот тарқатиш айбловлари билан 4 йил муддатга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилди.
2026 йил 22 январь куни яна бир ОАВ вакиллари туҳмат, товламачилик ва бошқа жиноятларда айбланиб қўлга олинди. Улар Хоразм вилоятида «Қонун доирасида» лойиҳасини юритган ҳуқуқшунослар Фурқат Рўзметов ва Азамат Авезов.
2026 йил 12 февраль куни Demokrat.uz сайти раҳбари Фазлидинхон Меҳмонов ва блогер Азиз Ғоипназаровга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Улар автосалон ҳақидаги материални ўчириш эвазига 50 минг доллар товламачилик қилганликда гумон қилинмоқда. Хабар берилишича, нашр раҳбари 17 минг доллар олаётган вақтида ушланган.