Ўзбекистонда бизнес учун инвестиция платформаси ишга туширилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 20 август куни тадбиркорлар билан учрашувда компанияларга инвесторлардан тўғридан-тўғри маблағ жалб қилиш имконини берадиган янги инвестиция платформаси ишга туширилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, амалдаги қоидалар инвесторни масъулияти чекланган жамият муассислари қаторига киритишни талаб қилади, бу эса ҳаммани ҳам қониқтирмайди. Натижада, ресурслар билан таъминлаш бўйича асосий юк ҳали ҳам банклар зиммасига тушмоқда.

Эндиликда лойиҳаларга маблағ жалб этишни соддалаштириш учун инвестиция платформаси ишга туширилади. Ҳар қандай компания ўз лойиҳасини ушбу платформага жойлаштириши, потенциал инвесторлар эса қизиқтирган йўналишни танлаб, маблағ киритишлари мумкин, деди давлат раҳбари.

Ушбу механизм туфайли бизнес ҳар йили қўшимча равишда 1 млрд долларгача маблағ жалб қилиши кутилмоқда.

Президент, шунингдек, стартап экотизимининг жадал ривожланаётганини таъкидлади: бугунги кунда Ўзбекистонда 600 дан ортиқ стартап мавжуд. Жорий йилнинг дастлабки 7 ойида стартаплар 264 млн доллар хорижий инвестиция жалб қилди, бу 2024 йил давомидагидан 4 баравар кўп.

Мирзиёевнинг қайд этишича, 1000 та ғояни тижоратлаштириш режалаштирилган бўлиб, уларнинг 200 таси халқаро бозорга чиқади. 100 та маҳаллий стартапни жаҳон даражасидаги компанияларга айлантириш кўзда тутилган. Бунинг учун 100 млн доллар ажратилади.

Шунингдек, «Ёш тадбиркорлар» чемпионати ўтказилади, унинг ғолиблари 1 млрд сўмгача инвестиция олади ва ҳар йили 20 август — Тадбиркорлар кунида тақдирланади.

Бундан ташқари, миллий ва халқаро маркетплейслар орқали сотилган товарлар учун тадбиркорларга ҚҚС қоплаб берилади, бу маркетплейслар сони 163 тага етган.

Рақамли молиявий хизматларни кенгайтириш учун банклар, финтех-компаниялар ва стартапларни бирлаштирадиган «очиқ банкинг» экотизими жорий этилади.

Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, бу чора-тадбирлар ҳисобига яқин йилларда стартапларга киритилган инвестициялар ҳажми 10 баробар ошади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон тадбиркорлари учун «амнистия» эълон қилинди — улар 16 трлн сўмлик аниқланган хатоларни 1 ноябргача жаримасиз бартараф этишлари мумкин. Фойда солиғи бўйича аванс тўлови учун чегара икки баробар оширилмоқда. ҚҚСга ўтишни рағбатлантириш учун компаниялар вақтинча фойда солиғидан озод этилади.