
Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 1 декабрь куни Ўзбекистоннинг экспорт салоҳиятини ошириш ва тадбиркорларнинг давлат хизматларидан фойдаланишини соддалаштириш чора-тадбирларига бағишланган тақдимот билан танишди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, Ўзбекистон 2030 йилга бориб экспорт ҳажмини 45 миллиард долларга етказишни режалаштирмоқда. Йиғилишда бу мақсадга эришиш учун янги юқори маржали бозорларга чиқиш ва товар саватини диверсификация қилиш зарурлиги таъкидланди.
Ташқи бозорлардаги асосий истеъмол сегментлари таҳлили натижасида қуйидаги соҳаларда экспортни кенгайтириш учун сезиларли имкониятлар аниқланди:
- қурилиш материаллари,
- енгил саноат,
- электротехника,
- озиқ-овқат маҳсулотлари,
- маиший кимё,
- машинасозлик,
- металлургия.
Президент имтиёзли савдони ривожлантириш ва истиқболли ҳамкорлар билан алоқаларни фаоллаштириш, шунингдек, ташқи савдо оқимлари ўсишини ҳисобга олган ҳолда чегара ўтказиш пунктлари инфратузилмасини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Раҳбарлар маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорлардаги жорий ўрни, талаб юқори бўлган маҳсулот турлари ва хорижий ҳамкорлар билан қўшма лойиҳалар ҳақида ҳисобот бердилар. Мирзиёев экспорт салоҳиятини тўлиқ ишга солишни ва янги бозорларни очишни жадаллаштиришни топширди.
Савдо-саноат палатаси (ССП) раиси Даврон Ваҳобов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ўзбек маҳсулотларининг хорижий бозорлардаги ўрни тобора ортиб бораётганини таъкидлади.
«Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотлари рақобатбардош бўлиб, қатор мамлакатларда унга талаб ўсмоқда. Қулай нарх туфайли ўзбек товарлари қўшимча афзалликларга эга», — дея таъкидлади у.
Унинг сўзларига кўра, Президентга «янги экспорт каналларини йўлга қўйиш» имконини берувчи янги механизмлар тақдим этилган.
«Жумладан, араб давлатлари, божхона ва логистика тузилмалари билан ўзаро ҳамкорлик, шунингдек, молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини кенгайтириш ҳақида сўз борди», — дея аниқлик киритди.
Шунингдек, таҳлилий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг катта қисми 455 км гача радиусдаги янги бозорларни топиши мумкин.
739 та бизнес хизмати — лекин аксарияти тарқоқ
Бугунги кунда 81 та давлат органи тадбиркорларга 739 турдаги хизмат кўрсатмоқда, бироқ уларнинг 576 таси тарқоқ ҳолда тақдим этилади. Шу сабабли тадбиркорлар турли идораларга мурожаат қилишга ва бир нечта манзилдан ҳужжат йиғишга мажбур бўлмоқда.
Масалан, гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун 17 та жараённи босиб ўтиш ва 10 та муассасага ташриф буюриш талаб қилинади.
Бундан ташқари, бухгалтерия, солиқлар, экспорт, сертификатлаш, суғурта, логистика ва бизнес таълими бўйича комплекс маслаҳатлар берадиган ягона хизмат кўрсатиш платформаси мавжуд эмас.
«Бизнес ҳамроҳ» марказларини ташкил этиш
Тақдимотда тадбиркорлар учун давлат ва хусусий хизматларни бирлаштирувчи ягона хизмат кўрсатиш макони — «Бизнес ҳамроҳ» марказларини ташкил этиш таклиф этилди.
Марказлар Савдо-саноат палатаси ҳузурида ташкил этилиб, «ягона дарча» тамойили асосида ишлайди. Барча хизматларни ягона электрон платформа орқали тақдим этиш режалаштирилган, шунингдек, туну-кун ишлайдиган call-марказ ҳам очилади.
ССП раиси бундай марказлар Озарбайжон намунаси асосида ташкил этилаётганини аниқлаштирди.
«Ҳар бир вилоятда тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш маркази — «Бизнес ҳамроҳ» ташкил этилади. Бу ерда бухгалтерия, солиқ, экспорт, банк, суғурта ва сертификатлаш хизматлари, шунингдек, ишлаб чиқарувчилар кооперациясига ёрдам кўрсатиш кўзда тутилган», — деди Ваҳобов.
Унинг сўзларига кўра, бундай тизим тадбиркорларга «ўз масалаларининг 80 фоизигача бўлган қисмини бир жойда ҳал қилиш» имконини беради.
Биринчи босқичда марказлар Жиззах, Фарғона ва Андижон вилоятларида ташкил этилади. Бу мақсадлар учун 200 миллиард сўм ажратилмоқда.
Марказлар замонавий стандартларга мослаштириладиган мавжуд биноларда жойлаштирилади.
Президент ташаббусни қўллаб-қувватлади ва бундай марказлар бизнесни қўллаб-қувватлашнинг тўлиқ циклини — корхонани рўйхатдан ўтказиш ва операцияларни ташкил этишдан тортиб, маҳсулотни тарғиб қилиш ва экспортга чиқаришгача бўлган жараённи қамраб олиши кераклигини таъкидлади.