Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 21/02/2026

«Биз баҳолаш қандай ўтказилишини билмаймиз». Антикоррупция агентлиги раҳбари — Коррупцияни қабул қилиш индекси ҳақида

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 2026 йил 6 февраль куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Transparency International ташкилотининг Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон позицияси пасайганига изоҳ берди.

Унинг сўзларига кўра, охирги 7–8 йил ичида Ўзбекистон рейтингда 38 поғонага кўтарилган ва у буни «яхши натижа» деб атади.

«Чет эллик экспертлар ҳам мамлакатимизни қисқа вақт ичида бундай муваффақиятларга эришган кам сонли давлатлар қаторига киритишди. Лекин «бу натижадан кўнглингиз тўлдими?» деган саволга мен «йўқ, қониқмадим» деб жавоб бераман», — деди.

Шу билан бирга, Бурхонов берилган баҳодан норози эканлигини ва ҳисоблаш методологиясига аниқлик киритишни сўраб ташкилот вакилларига бир неча бор мурожаат қилганини таъкидлади.

«Мен ташкилот раҳбарияти ва вакилларидан қайта-қайта сўрадим: «Методологияни кўрсатинг, мамлакатимиз қайси асосга кўра у ёки бу давлатдан ёмонроқ ёки бошқасидан юқорироқ ўринда турибди?» Афсуски, баҳолаш қайси мезонлар асосида олиб борилишини билмаймиз. Биз буни ҳар гал муҳокама қиламиз, лекин, афсус, жавоб йўқ», — деди Антикоррупция агентлиги раҳбари.

Таъкидлаш жоизки, индексни ҳисоблаш методикаси ташкилот сайтида келтирилган.

Идора раҳбарининг таъкидлашича, Ўзбекистонда рейтингда юқорироқ ўринларни эгаллаб турган қатор мамлакатларга қараганда кўпроқ коррупцияга қарши ислоҳотлар амалга оширилган. Бунинг исботи сифатида жамоатчилик фикри ва сўровнома натижалари мавжудлигини айтди.

«Биз БМТ ва бошқа ташкилот вакиллари билан гаплашганимизда, улар (Transparency International назарда тутилмоқда — таҳр.) кўпроқ эски маълумотларга таянишини айтишди. Гап уч-тўрт йил олдинги маълумотлар ҳақида бормоқда. Ваҳоланки, асосий ислоҳотлар охирги икки-уч йилда амалга оширилди. Масалан, «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун, жамоатчиликни жалб қилиш — буларнинг барчаси охирги икки йилда содир бўлмоқда», — дея қўшимча қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Transparency International ташкилотининг 2025 йилги Коррупцияни қабул қилиш индексида 182 та давлат орасида 124-ўринга тушиб, ўтган йилги рейтингга нисбатан яна бир балл йўқотди. Мамлакат кўрсаткичлари кетма-кет иккинчи йил ёмонлашмоқда.

«Ўзбекистонда расмий ислоҳотлар маълум даражада илгарилаш олиб келди, бироқ коррупцияни фош қилаётган журналист ва блогерлар ҳали ҳам қўрқитиш ёки суд таъқибига учрамоқда, бу эса коррупцияга қарши кураш саъй-ҳаракатлари самарасини чеклаб қўймоқда», — дейилади ҳисоботда.

Маълумот учун

Коррупцияни қабул қилиш индекси (CPI) — экспертлар ва бизнес вакилларининг қарашлари асосида давлат секторидаги коррупция даражасини баҳоловчи энг нуфузли глобал рейтинглардан бири. Баллар 0 дан 100 гача бўлган шкала бўйича ҳисобланади, бунда 0 — коррупция даражаси жуда юқори, 100 — жуда паст эканини англатади.

Ҳар бир давлатнинг баҳоси Жаҳон банки ва Жаҳон иқтисодий форуми каби ташкилотлар томонидан ўтказиладиган 13 та халқаро тадқиқот ва шарҳлардан камида учта маълумот манбаси асосида шакллантирилади. Бунда баллнинг ўзи рейтингдаги ўриндан кўра муҳимроқ ҳисобланади, чунки рўйхатдаги мамлакатлар сони ўзгариши туфайли эгалланган ўрин ҳам ўзгариши мумкин.

CPI пора бериш, давлат маблағларини ўзлаштириш, мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш, непотизм (таниш-билишчилик), ҳаддан ташқари бюрократия, хабар берувчиларни ҳимоя қилиш даражаси, давлат бошқарувининг шаффофлиги ва давлатнинг коррупцияни жиловлаш қобилияти каби ҳолатларни ўлчайди.

Коррупция яширин ва ноқонуний хусусиятга эга бўлганлиги сабабли, индекс расмий статистикага эмас, балки субьектив қабул қилишга асосланади. Баллардаги жузъий тебранишлар аҳамиятли ҳисобланмайди — фақат маълумот манбаларининг аксарияти томонидан тасдиқланган ўзгаришларгина статистик жиҳатдан муҳим деб тан олинади.

Индексни ҳисоблаш методикаси унинг максимал ишончлилиги ва изчиллигини таъминлаш учун мунтазам равишда қайта кўриб чиқилади. Охирги марта у 2017 йилда Европа комиссиясининг Бирлашган тадқиқот маркази томонидан қайта кўриб чиқилган.

Эслатиб ўтамиз, давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисидаги қонунни 2017 йилдан бери қабул қилиш режалаштирилган эди. Охирги марта президент ўтган йилнинг баҳорида қонун лойиҳасини халқ муҳокамаси учун эълон қилишни топширган эди, бироқ ҳужжат ҳалигача қабул қилинмади. Шунингдек, у 2026 йилги давлат дастурига ҳам киритилмаган.