Ўзбекистонда корхоналарга олийгоҳ битирувчиларини ишга олгани учун имтиёзли кредитлар ва рейтингга балл берилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 8 август куни ўтказилган йиғилишда компаниялар олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга олгани учун бонуслар оладиган механизмни жорий этишни топширди.

Таҳлиллар шуни кўрсатдики, бюрократия сабабли хусусий сектор бўш иш ўринлари ҳақида маълумот беришга қизиқмаяпти. Шу муноoсабат билан олийгоҳ битирувчиларини ишга жойлаштиришнинг хусусий сектор учун қулай ва манфаатли бўлган янги тизимини яратишга қарор қилинди.

Бунинг учун Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингига алоҳида кўрсаткич киритилади. Ушбу тизим доирасида тадбиркорлар бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни мутахассислик йўналишини кўрсатган ҳолда киритади. Олийгоҳлар ҳам платформага уланади: уларнинг карьера марказлари битирувчини тўғридан-тўғри мос иш ўрни мавжуд бўлган корхона билан боғлаши мумкин бўлади.

Битирувчини ишга жойлаштирган тадбиркорга қўшимча баллар берилади. Агар олийгоҳнинг карьера маркази битирувчиларининг ярмидан кўпини ишга жойлаштирса, у олийгоҳ жамғармасидан 500 млн сўм миқдорида мукофот олади.

Давлат раҳбари ректорларнинг ваколатларини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш бўйича янги тизимни жорий этиш зарурлигини таъкидлади. Энди олийгоҳларда «Янги Ўзбекистон» университетида амал қиладиган баҳолаш тизими жорий этилади. Молиялаштириш олийгоҳ томонидан тўпланган баллардан келиб чиқиб амалга оширилади:

  • битирувчиларни ишга жойлаштириш учун – 40 баллгача;
  • илмий тадқиқотлар бўйича тармоқ буюртмаларини бажариш ва уларнинг натижаларини сотиш учун – 30 баллгача;
  • илмий салоҳият ва халқаро журналлардаги нашрлар учун – 20 баллгача;
  • тадқиқотлар учун маҳаллий ва хорижий грантларни жалб қилиш учун – 10 баллгача.

Масалан, агар Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти максимал баллнинг 85%ини тўпласа, унга жорий йилда ажратилган 78 млрд сўмга 20% миқдорида бонус берилади. Агар олийгоҳ 56%дан кам балл тўпласа, кейинги ўқув йилида молиялаштириш қисқартирилади.

Миллий университет ва Ирригация университети каби илмий олийгоҳлар, шунингдек, Маданият ва санъат институти, Консерватория каби ижтимоий олийгоҳларни техник-амалий олийгоҳлар билан тенглаштириб бўлмаслиги алоҳида қайд этилди.

Шу муносабат билан масъул шахсларга рейтинг мезонларини ишлаб чиқишда ушбу омилни ҳисобга олиш топширилди.

Бундан буён битирувчиларни ишга жойлаштириш кўрсаткичларини ҳисоблашда ўзини ўзи банд қилиш ҳисобга олинмайди.

Президент 92 минг нафар ишсиз битирувчини ишга жойлаштириш ва қўшимча иш ўринлари яратиш йўналишларини белгилаб берди.

20 минг нафар битирувчи магистратура ва иккинчи мутахассислик дастурлари билан қамраб олинади. Яна 20 минг нафари 10 мингга яқин корхоналарда тажриба талаб қилмайдиган иш ўринларига жойлаша олади.

Ҳар бир ҳудудда бизнес-инкубаторлар ташкил этилиб, у ерда тадбиркорлик стартаплари, маркетинг, дизайн ва АТ-хизматлари орқали 15-20 минг нафар битирувчини ишга жойлаштириш режалаштирилган.

Кимё, энергетика, геология, автомобиль, металлургия ва фармацевтика саноатида 10 минг нафар муҳандис, технолог, оператор, стандартлаштириш, сифат назорати, молия ва иқтисодиёт мутахассисларини ишга жойлаштириш имконияти мавжуд.

Тўқимачилик, чарм, электротехника саноати, қурилиш материаллари ва озиқ-овқат саноатида 5000-7000 нафар битирувчини доимий иш билан таъминлаш мумкин.

Масъул шахсларга 6000 нафар битирувчини транспорт, логистика, йўл, қурилиш ва коммунал соҳаларига жалб қилиш, шунингдек, 10 минг нафар кишини таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, маданият ва санъат муассасаларига, жумладан ўқув марказларига ишга жойлаштириш топширилди.

Бундан ташқари, 30 минг нафар битирувчига ўз бизнесини очишда ёрдам берилади.

Йиғилишда президент Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш тизими иқтисодиёт эҳтиёжларига жавоб бермаётганини таъкидлади. Саноатда 500 мингга яқин мутахассисга эҳтиёж сезилади, аммо бугунги кунда битирувчиларнинг ярмидан кўпи паст малакали лавозимларда ишламоқда. «Тармоқ – корхона – олийгоҳ» моделини жорий этиш тезлаштириш топширилди.

2025 йилда Ўзбекистонда давлат олийгоҳларига абитуриентлар сони 732 411 кишини ташкил этди – бу сўнгги 7 йилдаги энг паст кўрсаткичдир. Бу хусусий олийгоҳлар сонининг ортиши билан боғлиқ бўлиши мумкин: сўнгги йилларда олий таълим билан қамров 9%дан 42%га ошди.

Ишга жойлаштириш учун имтиёзли кредит

Президентнинг сўзларига кўра, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида банкларга 300 млн доллар ажратилган. Кўпгина битирувчилар уларни қайтариш имконсизлиги хавфи туфайли йирик кредит олишдан қўрқиши сабабли, Шавкат Мирзиёев имтиёзли кредитларнинг бир қисмини уларни ишга жойлаштирган компанияларга ҳам йўналтириш таклифини маъқуллади.

Ишга қабул қилинган битирувчилар сонига қараб, тадбиркорлар йиллик 18% ставка билан 5 млрд сўмгача кредит олишлари мумкин бўлади. Жумладан, 1 млрд сўмгача бўлган кредит камида битта, 5 млрд сўмгача бўлган кредит эса камида 5 та битирувчини ишга жойлаштиришни назарда тутади.

Имтиёзли кредит олган компания 2 йил ичида битирувчини ишдан бўшатса, кредит бўйича фоиз ставкаси тижорат ставкасига ўзгартирилади.

Янги тизим нафақат жорий йил битирувчиларига, балки олийгоҳни 3 йилдан ошмаган муддатда тамомлаганларга ҳам татбиқ этилади.