Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Олтин нархи илк бор унцияси учун 5100 доллардан ошди

Олтиннинг биржадаги қиймати навбатдаги рекордни янгилади ва геосиёсий кескинлик ортиши фонида тарихда илк бор бир унция учун 5100 доллардан ошди, деб ёзмоқда Reuters. 2026 йил 26 январь куни эрталабки савдолар давомида қимматбаҳо металл нархи энг юқори нуқтада бир унция учун 5110,50 долларга етди. Кумуш ва платина нархи ҳам кўтарилиб, тарихий максимумларни янгилади.

Олтин нархи 2025 йил давомида 64 фоизга ўсди — бу 1979 йилдан бери энг катта йиллик ўсиш, деб ёзади агентлик. Бунга олтинга хавфсиз актив сифатида бўлган талаб, АҚШ пул-кредит сиёсатининг юмшатилиши, марказий банкларнинг фаол харидлари ва биржа фондларига рекорд даражадаги маблағлар оқими ёрдам берди. 2026 йил бошидан буён олтин қиймати 18 фоиздан кўпроққа ошди.

Нарх кўтарилишига «аслида АҚШ маъмурияти ва Америка активларига нисбатан ишонч инқирози сўнгги туртки бўлди, бу ўтган ҳафтада Трамп маъмуриятининг баъзи мантиқсиз қарорлари туфайли юзага келди», деб таъкидлади Capital.com катта бозор таҳлилчиси Кайл Родда.

Дам олиш кунлари АҚШ президенти Дональд Трамп, агар Оттава Хитой билан савдо битими тузадиган бўлса, Канаданинг Қўшма Штатларга қиладиган барча экспортига 100 фоизлик бож жорий этиш билан таҳдид қилди. У шунингдек, Франция винолари ва шампан виносига 200 фоиз миқдорида бож жорий этиш билан ҳам пўписа қилди.

«Трамп маъмурияти ўрнатилган тартибда қайтариб бўлмас бўлинишни келтириб чиқарди ва энди ҳамма, аслида, ягона муқобил сифатида олтинга юзланмоқда», — дея қўшимча қилди Родда.

Таҳлилчилар халқаро беқарорлик ва иқтисодий ноаниқлик, шунингдек, марказий банклар ҳамда чакана инвесторлар томонидан юқори талаб туфайли жорий йилда олтин нархи 6000 долларгача кўтарилишини кутишмоқда, деб қайд этади Reuters.