
Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати 2025 йил 28 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ортиқча тўланган солиқларни бошқа солиқлар ҳисобига ўтказиш имконини берувчи қонунни маъқуллади. Ҳужжат кўриб чиқиш учун президентга юборилди.
Бугунги кунда Солиқ кодексининг 103-моддасига кўра, солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси, агар унинг солиқ қарзи бўлмаса, қайтарилиши ёхуд ўша солиқ бўйича бўлажак тўловлар ҳисобига ўтказилиши лозим.
Парламент юқори палатасида таъкидланганидек, бу кўпинча қайтаришнинг кечикишига ва солиқ тўловчиларда айланма маблағлар етишмаслигига олиб келган.
Солиқ кодексига киритилган тузатишлар энди ортиқча тўланган солиқ суммаларини нафақат ўша солиқ, балки бошқа солиқлар бўйича ҳам бўлажак мажбуриятлар ҳисобига ўтказиш имконини беради.
Эндиликда, агар солиқ тўловчининг қарзи бўлмаса, у солиқ органига ёзма ёки электрон ариза бериши мумкин ва ўтказма уч иш куни ичида (ҳозирда – 15 кун) – солиқ туридан қатъи назар – амалга оширилади.
Электрон Рақамли Имзо (ЭРИ)
Солиқ кодексига электрон солиқ ҳужжатларини биометрик идентификация – юз (Face-ID) ёки бармоқ изи орқали тасдиқлаш имконини берувчи қўшимча ҳам киритилмоқда.
Илгари солиқ ҳисоботлари электрон рақамли имзо (ЭРИ) ёрдамида электрон шаклда тақдим этилган, бироқ ЭРИ сертификатини бериш учун тадбиркорлардан базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 10%, жисмоний шахслардан эса 7% миқдорида йиғим ундирилган. Бу мажбуриятларни бажаришда солиқ тўловчиларнинг харажатларини оширган.
Эндиликда Mobile-ID тизимининг жорий этилиши туфайли фуқаролар мобил илова орқали биометрик маълумотлардан фойдаланиб ҳужжатларни масофадан туриб тасдиқлашлари мумкин бўлади.
Бошқа ўзгаришлар
Бундан ташқари, бугунги кунда Чернобил АЭСдаги авария оқибатларини бартараф этишда иштирок этган фуқаролар ер солиғи тўлашдан озод қилинган эди. 2024 йилда 1420 нафар фуқаро 672,2 млн сўмлик ушбу имтиёздан фойдаланган. Қонунчилик нормаларини мувофиқлаштириш мақсадида қонун бундай фуқароларни жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан ҳам озод қилишни назарда тутади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалигида, шу жумладан балиқчиликда сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича солиқ ҳисоботлари солиқ органлари томонидан «Сув ҳисоби» ахборот тизими ва сув ресурслари ҳисобини юритувчи ваколатли органларнинг маълумотлари асосида автоматик равишда шакллантирилиши белгиланмоқда.
Ушбу норма солиқ тўловчилар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган хатоларнинг олдини олишга имкон беради.
Бундан ташқари, вақтинчалик солиқ имтиёзлари белгиланмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятининг Шароф Рашидов тумани ва Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманидаги чарм-пойафзал саноат зоналарини бошқариш дирекциялари, шунингдек, ушбу зоналарда ташкил этилган корхоналар 2025 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар бўлган даврда юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи, ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиғини тўлашдан озод қилинади.