Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида коррупцияда гумон қилиниб, қатор амалдорлар ҳибсга олинди

Мамлакатнинг 3 вилоятида ва Тошкент шаҳрида турли соҳаларда фаолият юритаётган мансабдор шахслар орасида коррупция ҳолатлари аниқланди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.

Наманган вилоят Халқаро арбитраж ва третей судларини ривожлантириш жамоат фонди ҳузуридаги третей судининг судьяси Чуст тумани фуқаросидан 3200 АҚШ доллари талаб қилган. Бу суммага у «Мустақиллик» маҳалласида жойлашган 6 сотих майдондаги нотамом нотурар жой биноси бўйича низоли қарор чиқариб беришни ваъда қилган. Тезкор тадбир давомида судья талаб қилинган суммани олаётганда қўлга олинган.

Фарғона вилояти Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармасининг бош мутахассиси фермер хўжалиги раҳбаридан 500 доллар олаётган вақтида ҳибсга олинган. У хўжаликни наслли тоифага ўтказиш тўғрисида гувоҳнома расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Тергов давомида пул бошқарма бошлиғи ўринбосарига мўлжаллангани аниқланди. Тезкор тадбир давом эттирилиб, ўринбосар 300 доллар олаётганда қўлга олинди.

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида бухгалтерия хизматлари кўрсатиш билан шуғулланувчи компания директори икки фуқародан пенсия учун меҳнат стажини ошириш эвазига 2000 доллар талаб қилган. У «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази туман бўлими ходими билан тил бириктириб, фуқароларнинг маълумотларини сохталаштирган ва ҳар бирига 2,5 млн сўм миқдорида пенсия тайинланишини таъминлашни ваъда қилган. Компания раҳбари келишилган 1900 доллар суммани олаётганда қўлга олинди.

Тошкент шаҳрида Каналлар эксплуатацияси ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасининг иккита бўлим бошлиғи ҳибсга олинган. Улар «Бўзсув» канали ҳудудига чиқинди тўкиш учун 60 млн сўм миқдорида жарима расмийлаштирмаслик эвазига ва кейинчалик «ҳомийлик» қилиш ваъдаси билан қурилиш фирмасидан 30 млн сўм олган.

Барча ҳибсга олинганларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.