
Ўзбекистон Солиқ қўмитаси томонидан ҚҚС тўловчилар учун электрон ҳисобварақ-фактураларни (ЭҲФ) расмийлаштиришда хавфни баҳолашнинг янги тизими синов тариқасида ишга туширилди. Бу ҳақда идора матбуот хизмати хабар берди.
Тизим ҳар бир яратилган ЭҲФни реал вақт режимида таҳлил қилиб, унга автоматик равишда хавф даражасини белгилайди. Агар эҳтимолий қонунбузарлик белгилари аниқланса, етказиб берувчининг мақоми харидорга кўринади. Агар сотувчи томонидан тақдим этилган ЭҲФ қизил рангда бўлса, бу харидорга ҚҚСни ҳисобга ола олмаслиги ҳақида сигнал беради. Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, бу ҳамкорларни танлашда онглироқ ёндашиш ва битимнинг потенциал солиқ оқибатларини ҳисобга олиш имконини беради.
Идора маълумотларига кўра, тизим халқаро экспертлар билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган. Улар орасида – Халқаро валюта жамғармаси мутахассиси Георгий Канделаки ҳам бор, у Солиқ қўмитаси раҳбарининг солиқ сиёсати ва солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган. У комплаенс-хатарларни бошқариш методологияларини ишлаб чиқиш, шунингдек, солиқ маъмурчилиги тизимларини такомиллаштириш бўйича кўп йиллик тажрибага эга ва булутли технологиялар бўйича сертификатланган эксперт ҳисобланади.
Тизим ҚҚС билан боғлиқ одатий суиистеъмол схемаларини, жумладан, «бир кунлик» фирмалардан фойдаланиш ва солиқни сунъий равишда ҳисобга олиш учун сохта ҳужжатларни аниқлаш имконини берувчи «кўплаб мезонларга» асосланади (аммо айнан қайси мезонлар эканлиги аниқлаштирилмаган). Бундай қоидабузарликлар ва шубҳали операцияларнинг мисоллари Солиқ қўмитаси сайтида эълон қилинган.
ЭҲФнинг юқори хавф даражаси солиқ тўловчиларнинг ўзига таъсир қилмайди. Ҳозирги босқичда тизим ҳеч қандай чора кўрмасдан синов режимида ишламоқда. Агар синов муваффақиятли ўтса, уни солиқ маъмурчилиги амалиётига интеграция қилиш режалаштирилган.
Солиқ қўмитасининг таъкидлашича, ЭҲФни онлайн баҳолаш солиқ тизимининг рақамли трансформациясининг муҳим элементига айланади ва «ҚҚСни ҳисобга олишдаги фирибгарлик операциялари» улушини камайтириш имконини беради.
Синов режимида ишлаган вақтда Солиқ қўмитаси ҚҚСни ноқонуний ҳисобга олган 149 та корхонани аниқлади.
Масалан, 2025 йил июль ойида тизим чорвачилик хўжалиги сифатида рўйхатдан ўтган «Алфа» МЧЖ (номи ўзгартирилган) томонидан амалга оширилган шубҳали операцияни қайд этди. Рўйхатдан ўтганидан сўнг, компания ўз фаолиятига мос келмайдиган, қарийб 1 трлн сўмлик (жумладан, 96 млрд сўм ҚҚС) қора металл сотиш учун биринчи электрон ҳисобварақ-фактурасини расмийлаштирган.
Яна бир мисол, асосий фаолият тури чакана савдо бўлган «Бета» МЧЖга (номи ҳам ўзгартирилган) тегишли. Шунга қарамай, ЭҲФ орқали 225 млрд сўмлик (жумладан, 27 млрд сўм ҚҚС) қурилиш материаллари сотилган, шу билан бирга, солиқ органлари маълумотларига кўра, товар кирим қилинмаган.
Бундан ташқари, рўйхатдан ўтган ходимлари ва ишлаб чиқариш қувватлари бўлмаса-да, компания гўёки пахта толасини қайта ишлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун 11 млрд сўмлик (жумладан, 1,2 млрд сўм ҚҚС) бир нечта ЭҲФ расмийлаштирган.
Солиқ қўмитаси бундай ҳолатлар ҚҚС бўйича суиистеъмол қилишга ва «бир кунлик» фирмалар иштирокидаги схемалардан фойдаланишга уринишлардан далолат беришини таъкидлайди. Хавфни баҳолаш тизимини тўлиқ режимда жорий этиш бундай операцияларни ўз вақтида аниқлаш ва бюджетга етказиладиган зарарнинг олдини олиш имконини бериши кутилмоқда.