
Тошкент шаҳар Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун жарималарнинг янгиланган миқдорларини эълон қилди.
Улар август ойидан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) 10%га – 375 000 сўмдан 412 000 сўмга ошиши билан кўпаяди. Бу БҲМга боғлиқ равишда белгиланган барча жарималар, солиқлар ва божларнинг автоматик равишда қайта ҳисобланишини англатади.
Шундай қилиб, 1 августдан бошлаб жисмоний шахслар учун жарима миқдорлари қуйидагича бўлади:
- белгиланмаган жойларга қаттиқ маиший ва қурилиш чиқиндиларини ташлаш, шунингдек, суюқ маиший чиқиндиларни тўкиш учун – 412 000 сўмдан 1 236 000 сўмгача;
- поя, қуриган барглар ва дарахт шохларини ёки бошқа ўсимлик қолдиқларини ёқиш учун – 1 236 000 сўмдан 2 060 000 сўмгача;
- сувларни ифлослантириш ёки булғатиш учун – 1 236 000 сўмдан 2 060 000 сўмгача;
- дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва кўчатларни ноқонуний равишда кесиш, илдизи билан суғуриб олиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун – 10 300 000 сўмдан 20 600 000 сўмгача;
- қурилиш майдончаларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш талабларига риоя қилмаслик учун – 4 120 000 сўм;
- сақлаш тақиқланган ёввойи ҳайвонларни сақлаш учун – 2 060 000 сўмдан 4 120 000 сўмгача (ушбу ҳайвонлар мусодара қилинган ҳолда);
- табиий муҳитни тиклаш, табиий ресурсларни қайта кўпайтириш ва табиий муҳитга зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик учун – 412 000 сўмдан 1 236 000 сўмгача;
- экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органлари давлат инспекторининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиш, шунингдек, унинг кўрсатмаларини бажармаслик учун – 2 060 000 сўмдан 4 120 000 сўмгача.
Дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва кўчатларни ноқонуний равишда кесиш, илдизи билан суғуриб олиш, шикастлантириш, йўқ қилиш ёки кўчириб ўтказиш учун жарима 2024 йил 29 февралда сезиларли даражада оширилган эди. Ўшанда жисмоний шахслар учун жарима миқдори 5-10 БҲМдан 25-50 БҲМгача, яъни ўртача 5 баробар ошганди.