Бельгия Фаластинни тан олиш ниятини эълон қилди

Бельгия сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтадиган БМТ Бош ассамблеясида Фаластин давлатини тан олиш ниятида, деб хабар берди Бельгия ташқи ишлар вазири Максим Прево.

«Бельгия икки давлатнинг ёнма-ён мавжудлиги тўғрисидаги қарорга йўл очадиган Нью-Йорк декларациясини имзолайдиган мамлакатларга қўшилади», — деб ёзди Прево X’да.

Превонинг сўзларига кўра, бу қарор «Фаластинда, айниқса Ғазода рўй бераётган инсоний фожиа ва Исроил томонидан халқаро ҳуқуқни бузган ҳолда содир этилаётган зўравонликка жавобан» қабул қилинган.

Превонинг таъкидлашича, Бельгия Фаластин давлатини Франция ва Саудия Арабистони бошчилигидаги қўшма дипломатик ташаббус доирасида тан олиш ниятида.

Шунингдек, Бельгия Исроилга қарши санкциялар жорий қилади, деб хабар берди Прево. Хусусан, Исроил аҳоли пунктларидан келиб чиққан маҳсулотлар импорти тақиқланади ва Исроил компанияларидан давлат харидлари сиёсати қайта кўриб чиқилади. Бундан ташқари, расмийлар халқаро ҳуқуққа кўра ноқонуний деб ҳисобланган «аҳоли пунктлари ҳудудида яшовчи» белгияликларга консуллик ёрдами кўрсатишни чеклайди.

Бундан ташқари, Бельгия икки исроиллик вазир ва ҲАМАС раҳбарларини персона нон грата деб эълон қилади. Уларнинг исмлари аниқланмаган.

Аввалроқ Фаластинни тан олиш режалари ҳақида Франция, Буюк Британия, Канада ва Австралия эълон қилган эди.