
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мобил оператор Beeline (Unitel МЧЖ) манзилига қатор тариф режалари бўйича ойлик ва кунлик абонент тўловини ечиб олиш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма юборганини маълум қилди.
Қарор тарифлар нархининг ошиши, қўшимча хизматлар ва пулли контент-сервисларга уланиш, тўлов билан боғлиқ муаммолар, хизмат кўрсатиш сифати ва бошқа масалалар бўйича истеъмолчиларнинг шикоятлари фонида қабул қилинди.
“2024 йилда қўмитага келиб тушган мурожаатларнинг 8,2%, 2025 йилнинг дастлабки 4 ойида эса 8,9% телекоммуникация хизматлари соҳасига тўғри келмоқда. Уларнинг аксарияти Beeline мобил алоқа хизматлари билан боғлиқ”, — дея хабар берди қўмита.
“Ойлик абонент тўловини тўлаш учун ҳисобда маблағ етарли бўлмаса, абонентларнинг розилигисиз автоматик равишда кунлик тариф режасига уланадилар, кунлик тўлов ечиб олингандан сўнг уларга трафикдан фойдаланиш имконияти берилмайди, шунингдек, бошқа ноқулайликлар юзага келади”, — дейилади хабарда.
Масалан, “Yana”, “Hammasi ZO’R”, “Multi Kuch” ва бошқа тахминан 10 та тарифда, агар ойлик абонент тўловини ечиб олишда маблағ етарли бўлмаса, кунлик абонент тўлови (2000 сўм) автоматик равишда ечиб олинади. Қўмитанинг таҳлил натижаларига кўра, уни бекор қилиш ёки ўчириш имконсиз.
“Агар кунлик тўлов тўлиқ амалга оширилмаса, ҳисоб минусга ўтади ва рақам блокланади… Блокдан чиқиш учун балансни мусбат ҳолатгача тўлдириш керак; Ойлик тўлов учун абонент ҳисобида етарли маблағ йиғилмагунча кунлик абонент тўлови автоматик равишда ечиб олинади. Маблағлар етарли бўлганда, ойлик тўлов ечиб олинади ва тўлиқ ойлик пакет тақдим этилади. Кейинги ойлик тўлов муддати шу санадан бошлаб бир ойга кўчирилади”, — дея қайд этди идора.
“Амалдаги (фақат янги уланишлар учун) “Standard”, “Yashin”, “Aniq”, “Erkin”, “Start” тариф режаларида абонент балансида ойлик абонент тўлови учун маблағ етарли бўлмаса, бир кунлик абонент тўлови ечиб олинади. Истеъмолчида кунлик тариф режасини ихтиёрий равишда ёқиш ёки ўчириш, хизматдан воз кечиш имконияти йўқ”, — дея маълум қилди қўмита.
Амалдаги шартлар истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилишига ва қатор қонун ҳужжатлари талабларининг бузилишига олиб келади, дея таъкидлади идора.
Қўмита Unitel компаниясига баъзи тариф режалари бўйича ойлик ва кунлик абонент тўловини ечиб олиш шартларини қайта кўриб чиқиш бўйича кўрсатма юборди. Унда қуйидагилар топширилган:
- Ойлик абонент тўловини ечиб олишда маблағ етарли бўлмаса, кунлик абонент тўловини автоматик ечиб олишни бекор қилиш.
- Абонентга кунлик хизматдан ихтиёрий равишда фойдаланиш имкониятини бериш (масалан, USSD-код орқали).
- Ойлик ёки кунлик абонент тўловларининг абонент ҳисобидан ечиб олинишига йўл қўймаслик, шунингдек, киритилаётган ўзгаришлар ҳақида абонентларни ўз вақтида хабардор қилиш.
Beeline изоҳи
“Unitel” компанияси қўмита баёнотига жавобан шундай изоҳ берди:
“”Unitel” МЧЖ тариф режаларидаги барча ўзгаришлар телекоммуникация хизматлари кўрсатишнинг амалдаги Қоидалари ва Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига тўлиқ мувофиқ равишда амалга оширилишини маълум қилади. Unitel Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига барча зарур тушунтиришларни тақдим этди ва тақдим этилган далилларни кўриб чиқишни кутмоқда, ҳамда назорат органидан жавоб олгунга қадар вазиятни оммавий майдонда муҳокама қилмайди.
Эътиборингизни шунга қаратмоқчимизки, “Unitel” МЧЖ мамлакатнинг энг йирик хусусий солиқ тўловчиларидан биридир: 2006 йилдан буён компания телекоммуникация бозорини ривожлантиришга 1,4 миллиард АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритган. Ўзбекистонда Beeline савдо белгиси остидаги фаолияти давомида қарийб 2 миллиард доллар миқдорида солиқ тўланган.”
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рақобат қўмитасидан мобил оператор Ucell ҳам кўрсатма олган эди, ундан оммавий оферта шартларини қайта кўриб чиқиш ва унга маънавий зарар учун жавобгарликни киритиш талаб қилинганди.