
Бахтиёр Қудратуллаевнинг (20 йилга озодликдан маҳрум этилган «Бахти Ташкентский» номи билан машҳур) ўғли Бекзод Зафаров отасининг йўлини давом эттириш қарорини «катта хато» деб атади. Ҳозирда у уюшган жиноий гуруҳда иштирок этиш айблови билан 11 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. У ўз фикрлари билан Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган «Кечиккан пушаймонлик» туркумидаги видеода ўртоқлашди.
«Қамалишимдан олдин отамнинг йўлидан бораман, унинг ўрнини эгаллайман деган фикрлар билан яшаганман. Ниманики ўйлаган бўлсам, ҳаммаси катта хато бўлиб чиқди», — деб таъкидлади.
Колонияда у пайвандлаш ва хўжалик ишлари билан шуғулланмоқда ва унинг сўзларига кўра, эндигина озодликдаги ҳаётнинг қадрини англаб етган. Жиноят оламига интилиш ҳеч қандай фойда келтирмайди, деди Зафаров.
«Бир йил олдинги ҳаётим билан ҳозиргиси орасида катта фарқ бор. Бу ерда Бекзодмисан ёки Бекмисан, ким бўлишингдан қатъи назар, қонун ҳамма учун бир», — деди.
Зафаров ёшларни жиноят оламидаги таниқли шахсларга «фанат» бўлмасликка ва умуман бу оламга интилмасликка чақирди. «Бундан ҳеч қандай фойда йўқ. Халққа, ота-онага хизмат қилиш, маҳалла ва жамиятга фойдаси тегадиган инсон бўлиш керак. Мен шуни тушуниб етдим», — деди.
Маҳкум шахсий йўқотишлар ва фарзандлар олдидаги масъулият мавзусига тўхталиб ўтди. У ўғли ва қизининг ҳаётида иштирок эта олмаётганини ўзининг энг катта армони деб атади.
«Қамоққа тушгандан кейин инсон айнан нимани йўқотганини тушуна бошлайди. Икки нафар фарзандим бор. Катта ўғлим келаси йили мактабга чиқади. У менга: „Дада, тезроқ келинг, сизни соғиндим“, деди. Бу сўзлар қулоғим остидан кетмаяпти. Кечаси кўзимни юмсам, фарзандларим ва оилам тушимга киради», — деди.
«Энг катта афсусларимдан бири — ўзим қачонлардир мактабга чиққанимни эсласам-у, ўғлимни биринчи синфга, биринчи қўнғироққа олиб бора олмаслигим, ота-оналар мажлисларида қатнаша олмаслигим, дарсларига ёрдам бера олмаслигим. Улар эндигина ҳаёт йўлини бошлашяпти. Уларга яхши ўрнак, мустаҳкам таянч бўла олмаётганимдан азобланаман. Бундан жуда афсусдаман», — деди Зафаров.
«Қизимнинг тили чиқаётганини кўра олмаяпман. Мен бу лаҳзаларни ўтказиб юборяпман. Оила — муқаддас, оиланинг парчаланишида, ҳамма нарсада инсоннинг ўзи айбдор», — дея қўшимча қилди.
Зафаров агар вақтни орқага қайтариш имкони бўлганда, ҳалол меҳнат ва оила даврасидаги ҳаётни танлаган бўлишини таъкидлади.
«Нотўғри ишлар қилганимни тушундим. Бирорта касбни, бирор яхши ҳунарни эгаллаб, халққа фойдаси тегадиган иш билан шуғулланиш керак эди. Оила даврасида бўлиш минг марта яхшироқ бўларди. Онам мени кўргани узоқ йўл босиб келяпти. Мени ўзини аямай катта қилди, едирди, ичирди, умидлар боғлади. Мен эса охир-оқибат нимага келганимдан чексиз пушаймондаман… Жуда ҳам ҳалол яшашни, ҳалол меҳнат қилишни ва оила даврасида бўлишни хоҳлардим. Жуда қаттиқ адашган эканман, оқибатларини паст баҳолаган эканман: ҳар қандай иш учун жазо муқаррар келади. Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси қонунни билиши ва унга мувофиқ яшаши керак», — деди.
Маҳкум яқинларидан, шунингдек, давлат раҳбаридан кечирим сўради.
«Икки йилдан ортиқ вақтдан бери қамоқдаман. Бир нарсани тушундим: қамоқхонада олтин идишда палов егандан кўра, кўчада оиланг билан бир тишлам нон еган минг марта яхшироқ… Биринчи навбатда ота-онамдан, қариндошларимдан, маҳалладошларимдан, оиламдан, муҳтарам президентимиздан, ҳаммадан кечирим сўрайман», — деди.
Ёшларга мурожаат қилар экан, у шундай қўшимча қилди: «Бугунги ёшларга маслаҳатим — агар улар тўғри йўлдан боришса, бу бизнинг келажакдаги пойдеворимиз. Имкон қадар ота-онасининг дуосини олишсин, халқига, маҳалласига хизмат қилишсин, яхши касб ва ҳунарларни эгаллашсин, тил ўрганишсин, турли давлатлар ва ташкилотлар билан ишлаб, Ўзбекистон байроғини юқори кўтаришсин, спорт билан шуғулланиб юртни танитишсин, қуруқ хаёллар сурмасдан бор нарсанинг қадрига етишсин», — деди Бекзод Зафаров.
2024 йил ёзида суд «Бахти Ташкентский» ва Бекзод Зафаровдан ташқари, унинг иккинчи ўғли — Ихтиёр Қудратуллаев ва акаси — Шуҳрат Қудратуллаевни, шунингдек, яна 33 кишини узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган эди. Уларнинг аксарияти товламачилик ва фирибгарликда айбланган.