2027 йилгача Ўзбекистондаги барча қишлоқ хўжалиги ерлари ижара ҳуқуқига ўтказилади

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2025 йил 9 сентябрь куни қишлоқ хўжалигида ер ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича таклиотлар тақдимоти билан танишди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда маълум қилинган маълумотларга кўра, сўнгги 5 йил ичида ерларни ҳисобга олишнинг янги тизими шакллантирилди. Мамлакат ҳудудининг 45 миллион гектаридан қарийб 42 миллион гектари, жумладан, 26 миллион гектардан ортиқ қишлоқ хўжалиги ерларининг 88,4% давлат кадастрига киритилди.

Тақдимот давомида илгари фуқаро ва ташкилотлар фойдаланишида бўлган, бироқ туман ҳокимликлари тасарруфига қайтарилган бўш ерларни алоҳида ҳисобга олиш таклиф этилди. Президент уларни топшириш жараёнида инсон омилини истисно қилиш ва бундай ерларни электрон аукционларга тезроқ қўйиш бўйича топшириқ берди.

Матбуот хизмати хабарига кўра, қишлоқ хўжалигида ер ижараси ҳуқуқини бозор активига айлантириш бўйича ишлар бошланган. Хусусан, субижара ва қайта ижара механизмлари жорий этилди. Энди ижарачилар бутун ер участкасини давлатга қайтармасдан ва қайта савдода қатнашмасдан, ернинг бир қисмини бошқа фойдаланувчиларга бериши, қолган қисмини эса ўзида қолдириши мумкин.

2021 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалиги ерлари фақат ижара асосида берилмоқда. Бироқ бундай ерларнинг бир қисми ҳали ҳам эски шартларда ишлатилмоқда. 2027 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалигида фойдаланилаётган барча ерлар ижара ҳуқуқига ўтказилиши лозим.

Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги ерларида ёрдамчи иншоотлар — совутгичли енгил омборхоналар, саралаш ва қадоқлаш пунктлари, сув тежовчи технологияли иншоотлар, айвонлар, техника сақлаш жойларини қуришга рухсат бериш режалаштирилган.

Ер тузиш лойиҳаси қурилишга рухсатнома олишда участкага бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатга айланиши кутилмоқда.

Бу янгилик, масалан, боғбонларга ўз участкаларида ҳосил сақлаш жойларини, чорвадорларга эса яйловларда чорва ва озуқа учун бинолар қуриш имконини бериши кутилмоқда.

Тақдимот якунлари бўйича президент белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш тўғрисидаги фармонни имзолади ва қонуности ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш бўйича қарор қабул қилди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ерларини хусусийлаштириш имконияти ҳали ҳам мавжуд бўлмаган дунёдаги кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда.