Fitch: Ўзбекистонда 3 та давлат банкини хусусийлаштириш яна кечиктирилиши мумкин

Ўзбекистонда йирик давлат банкларини сотиш яна кечиктирилиши мумкин. Бу ҳақида Spot Fitch Ratings рейтинг агентлигининг банк сектори бўйича директори Павел Каптелга таяниб хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, «Алоқабанк», «Асакабанк» ва «Ўзсаноатқурилишбанк»ни 2025 йил охиригача хусусийлаштириш вазифаси «катта вазифа» ҳисобланади. У ҳукумат, Марказий банк ва банкларнинг ўзи сотувга тайёргарлик ишларини фаол олиб бораётганини таъкидлади.

«Бироқ, асосий сценарийга кўра, бу йил 3 та банкни ҳам сотиш жуда қийин бўлади. Камида 1−2 банкни сотиш кейинги даврга қолдирилиши кутилмоқда», — деди Павел Каптел 2025 йил 16 апрель куни Тошкентда ўтказилган конференцияда.

Унинг таъкидлашича, хусусийлаштириш муваффақиятли кечиши учун асосий шартлардан бири — ривожланаётган бозорларга, жумладан, Ўзбекистонга бўлган хорижий инвесторларнинг барқарор қизиқишидир. Жаҳон молиявий бозоридаги номаълумликлар шароитида бу қизиқишни сақлаб қолиш катта қийинчилик бўлиб қолмоқда.

Бир неча бор кечиктирилган жараёнлар

Аввалига мамлакатдаги иккинчи йирик банк — «Ўзсаноатқурилишбанк»даги давлат улушини 2022 йил охиригача, сўнг 2023 йил охиригача аукционга чиқариш режалаштирилган эди. Кейинроқ, 2024 йил охиригача хусусийлаштириш орқали давлат улушини 50%дан камайтирадиган қарор қабул қилинди, аммо бу амалга ошмади.

Ҳозирда банк қуйидаги акциядорларга тегишли:

  • Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (суверен жамғармаси) — 82,19%
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 13,48%
  • «Ўзтрансгаз» — 1,21%
  • бошқа акциядорлар — 2,26%.

«Асакабанк»ни хусусийлаштириш аввал 2023 йил охирига режалаштирилган бўлса-да, ҳозирда бу жараён 2025 йил охирига кўчирилган. 2024 йил май ойида президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан «Асакабанк»ни хусусийлаштириш бўйича келишув имзоланганини маълум қилган.

Ҳозирги пайтда «Асакабанк» акциялари қуйидагича тақсимланган:

  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 88,22%
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 10,85%
  • Бухоро НҚЗ — 0,73%
  • «Ўзавтосаноат» — 0,1%
  • «Ўзагросуғурта» — 0,08%
  • «Ўзбекинвест» — 0,02%.

«Алоқабанк» бўйича акцияларни жойлаштириш (IPO) жараёни аввал 2023 йил 1 июлигача белгиланган бўлса, ҳозирда 2025 йил 1 январигача кўчирилган. Банкдаги улушлар қуйидагича тақсимланган:

  • Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси — 61,8%
  • «Ўзбектелеком» — 22,03%
  • АКТни ривожлантириш жамғармаси — 6,3%
  • Иқтисодиёт ва молия вазирлиги — 4,32%
  • «Электромагнит мослашув маркази» — 2,11%
  • бошқалар — 3,44%.

Президент давлатга қарашли бошқа йирик банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш жараёнлари Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда олиб борилаётганини таъкидлаган.

Ушбу банклардаги давлат улушини сотиш жараёни сўнгги бор 2023 йил охирида кечиктирилган эди.