Ўзбекистонда банкларни соғломлаштириш ва тугатиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев банкларни соғломлаштириш ва тугатиш тўғрисидаги қонунни имзолади, у 25 сентябрдан кучга киради.

Санация деганда кредит ташкилотининг банкрот бўлишининг олдини олиш мақсадида унинг иқтисодий ва молиявий ҳолатини яхшилашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар (молиявий ёрдам, сотиш, бошқа шахсларга ўтказиш ва ҳ.к.) тушунилади.

Марказий банк бу соҳада ваколатли давлат органи этиб белгиланди. Регулятор тизим аҳамиятига эга банклар учун санация режасини ишлаб чиқади, унда мумкин бўлган чоралар кўрсатилади. Режа камида йилда бир марта, шунингдек банкнинг ташкилий тузилмаси ва (ёки) молиявий ҳолатида сезиларли ўзгаришлар юз берганда ёки унинг мазмуни ёки қўлланилишига таъсир қилиши мумкин бўлган бошқа омиллар пайдо бўлганда қайта кўриб чиқилиши керак. Зарурият туғилганда режа янгиланиши лозим.

Санация доирасида зарарлар биринчи навбатда банк акциядорлари ҳисобидан қопланади. Ҳар бир акциядор ўз улушига мутаносиб равишда жавобгар бўлади.

Банк қуйидаги асослар мавжуд бўлганда санация қилиниши лозим:

  • тўлов қобилиятини йўқотиш ёки унинг юз бериши эҳтимолининг юқорилиги;
  • банк томонидан кўрилган чоралар, шунингдек Марказий банкнинг назорат чоралари тўлов қобилиятини бартараф этишга ёки олти ой ичида натижага эришиш эҳтимолига қодир эмаслиги;
  • банк тизим аҳамиятига эга ёки уни мажбурий тугатиш молиявий инқирознинг олдини олиш, энг муҳим функцияларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, омонатчиларни ҳимоя қилиш ва давлат бюджетидан харажатларни минималлаштириш каби мақсадларга эришишга тўсқинлик қилиши мумкин.

Банк қуйидаги ҳолатлардан бири юз берганда тўловга қобилиятсиз деб топилади:

  • маблағлар етишмаслиги туфайли 7 кун ичида мижозларнинг талабларини қондира олмаслик;
  • банк мажбуриятлари унинг активларидан ошиб кетиши;
  • капиталнинг етарлилик коэффициентлари ва (ёки) устав капиталининг миқдори қонун билан белгиланган минимал даражадан 50% ва ундан кўпроққа пасайиши;
  • омонатчилар ва кредиторларнинг банкка сақлаш учун берилган маблағларининг сақланишига таҳдид солувчи ҳолатларнинг юзага келиши.

Холдинг компаниясини санация қилиш ва уни тўловга қобилиятсиз деб топиш учун деярли ўхшаш асослар назарда тутилган.

Марказий банк томонидан тайинланган Санация банкининг кузатув кенгаши, раҳбарияти ёки махсус бошқарувчиси ходимлар билан меҳнат шартномаларини бекор қилиш ҳуқуқига эга. Санация муносабати билан меҳнат шартномалари бекор қилинган раҳбарият аъзоларига ишдан бўшатиш нафақаси тўланмайди.

Санация чоралари қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • активлар ва мажбуриятларни ўтказиш (сотиш);
  • оралиқ (вақтинчалик) банкни ташкил этиш;
  • мажбуриятларни ҳисобдан чиқариш ва (ёки) конвертация қилиш.

Банкни мажбурий тугатиш Марказий банк Бошқарувининг лицензияни қайтариб олиш ва мажбурий тугатиш тўғрисидаги қарори асосида амалга оширилади. У суддан ташқари тартибда ҳам, суд тартибида ҳам ўтказилиши мумкин.

Тугатиш жараёнида банк активлари ва мажбуриятларини бошқа банкка ўтказиш ва (ёки) банк активларини сотиш инструментлари қўлланилади.