Ўзбекистон давлат банклари балансдаги ликвидсиз кўчмас мулкни тўғридан-тўғри сотишига рухсат берилади

Ўзбекистонда давлат банкларига ўз балансларида турган ликвидсиз кўчмас мулк объектларини тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади. Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, бу чора-тадбирлар ушбу объектларни бозор нархида тезда сотиш имконини яратиб, қўшимча ресурсларни озод қилади ва 150 минг янги иш ўрни яратилишига олиб келади.

16 декабрь куни бўлиб ўтган мажлисда давлат раҳбари банклар фаолияти билан боғлиқ қатор муаммоларни ҳал қилишга қаратилган ташаббусларни илгари сурди.

Ҳозирда давлат банклари балансларида умумий қиймати 6.5 трлн сўм бўлган 3.000 та фаолиятсиз кўчмас мулк объектлари мавжуд. Ушбу объектларни тезкорлик билан сотиш банкларга қўшимча маблағларни жалб қилиш имконини яратиб, иқтисодиётга ижобий таъсир кўрсатади.

Президентнинг сўзларига кўра, бундай кўчмас мулк объектлари қарздорликни қоплаш учун банклар томонидан мусодара қилинган активлардир. Янги қонунга кўра, банклар ушбу активларни бозор нархида тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, сотиш жараёнида ҚҚС бўйича солиқ базаси камайтирилади.

Бундан ташқари, банклар ушбу кўчмас мулк объектларини рентабел бизнесга айлантириб, кейинчалик инвесторларга тайёр ҳолда сотиш учун янги тизим ишлаб чиқилади.

Шунингдек, кредит қарздорлиги бўйича гаровларни суд орқали тезкорлик билан ундириш жараёнларини жадаллаштириш масаласи долзарб бўлиб қолмоқда.

Банк ҳуқуқларининг устуворлигини таъминлаш мақсадида гаровдаги мулкни сотиш жараёнини тезлаштириш, суд ишларини кўриш муддатларини қисқартириш, ортиқча келишувлар ва суд харажатларини камайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, гаров билан таъминланган қарздорликни судгача ундириш механизмларини кенг жорий этиш режалаштирилмоқда.

Президент ушбу таклифларни ҳар томонлама кўриб чиқиб, қонунчиликка тегишли ўзгартишлар киритиш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан бирга, мажбурий ундирувга тушган мулкни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича вазифалар кўтарилди. Бу жараённи самарали ташкил этиш учун манфаатдор томонлар ўртасида онлайн маълумот алмашув тизимини йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, май ойида “Давлат активлари бошқармаси” Тошкент Ситида жойлашган “Ўзпромстройбанк” (SQB), “Асакбанк” ва “Алоқабанк”нинг янги бинолари инвесторларга сотилиши ҳақида маълум қилган эди. Ушбу “премиум-класс” лойиҳаларига банклар томонидан камида 339 млн АҚШ доллари сармоя киритилган.