Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Бизнес 01/04/2026

Ҳисобвараққа 1 млрд сўмдан ортиқ нақд пул киритиш «юқори хавфли» операциялар қаторига киритилиши мумкин

Ўзбекистон Марказий банки жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш бўйича ички назорат қоидаларига қўшимча ўзгартиришлар лойиҳасини ишлаб чиқди. Уларнинг муҳокамаси 2026 йил 4 апрелга қадар давом этади.

Лойиҳа кучайтирилган назоратга олиниши керак бўлган операциялар рўйхатини тўлдиради. Хусусан, 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг ҳисобварақлари бўйича 2 иш куни давомида 40 БҲМ (16,48 млн сўм)дан ортиқ суммадаги операциялар шубҳа остига олиниши мумкин.

Марказий банкнинг тушунтириш хатида қайд этилишича, 16 ёшгача бўлган шахслар мустақил равишда тўлақонли молиявий қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга эмас ва қоида тариқасида, уларда йирик пул маблағлари айланмаси кузатилмайди. Шу муносабат билан, уларнинг ҳисобварақларига қисқа вақт ичида катта миқдорда маблағ тушиши ёки ечилиши ҳисобварақдан учинчи шахслар томонидан фойдаланилаётганидан, «номинал» ҳисобварақлар қўлланилаётганидан, шунингдек, жиноий даромадларни легаллаштириш ва вояга етмаганларни фирибгарлик схемаларига жалб қилиш хавфи юқорилигидан далолат бериши мумкин.

Бундан ташқари, жисмоний шахсларнинг ҳисобварақларига 30 кун давомида 2500 БҲМ (1,03 млрд сўм) ва ундан ортиқ миқдорда нақд пул киритиш операциялари «юқори хавфли» деб топилиши мумкин. Ушбу суммадаги бир марталик транзакция ёки бир нечта ўтказмалар қўшимча мониторингдан ўтказилади. Регуляторнинг фикрича, нақд пул билан боғлиқ бундай операциялар жиноий даромадларни легаллаштириш ёки маблағларни яшириш билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Шунингдек, 30 кун давомида FATFнинг кучайтирилган мониторинги остидаги мамлакатга ёки ундан 1000 БҲМ (412 млн сўм)дан бошлаб амалга оширилган ўтказмалар ҳам «шубҳали» транзакциялар қаторига киритилиши мумкин. Бунга ҳам бир марталик транзакция, ҳам ушбу муддат ичида бажарилган бир нечта ўтказмалар киради.

Картага ёки электрон ҳамёнга бир йўла ёки 30 кун давомида 1000 БҲМ (412 млн сўм)дан ортиқ маблағ тушиши мезонидан янги тартиб (эскроу-ҳисобварақлар) бўйича ўтказиладиган кўчмас мулк ва транспорт воситалари олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китоблар чиқариб ташланади.

Ўзгартиришлар, шунингдек, юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар учун импорт контрактлари бўйича шубҳали операциялар мезонларини аниқлаштиради. Илгари, шартнома предметини товар етказиб беришдан хизмат кўрсатишга ўзгартириш ёки қарздорликни хизматлар билан қоплаш ҳолатлари сумма 20 минг БҲМ (8,24 млрд сўм)дан ошганда назоратга олинар эди.

Янги таҳрирга кўра, импорт контракти доирасида чет эл валютасида ўтказилган маблағлар хизмат кўрсатиш ёки аралаш етказиб бериш (товар/хизмат) орқали дебиторлик қарзини қоплаш учун ишлатилса, бундай операциялар шубҳали ҳисобланиши мумкин. Бунда 30 кун давомида бир марта ёки бир неча бор ўтказилган операциялар ҳисобга олинади, агар битта контракт бўйича умумий сумма 3000 БҲМ (1,236 млрд сўм) ва ундан ортиқни ташкил этса.

Янги хавф тоифалари

Ҳужжат, шунингдек, юқори хавфли мижозлар тоифасини ҳам аниқлаштиради. Илгари барча норезидент жисмоний шахслар ва хорижий компаниялар ваколатхоналари автоматик равишда ушбу тоифага киритилган бўлса, энди истисно жорий этилмоқда: Ўзбекистон ваколатли органлари томонидан берилган шахсий идентификация рақамига (ЖШШИР) эга бўлган норезидентлар ушбу тоифадан чиқарилади.

Ушбу тоифага, шунингдек, номинал таъсисчилари бўлган юридик шахсларни ҳам киритиш таклиф этилмоқда. Уларнинг юридик шахс таъсисчилари таркибида иштирок этиши жиноий даромадларни легаллаштириш ва бошқа ноқонуний молиявий операциялар хавфини оширувчи омил сифатида қаралади. МБ маълумотларига кўра, номинал таъсисчилар кўпинча ҳақиқий бенефициарни яшириш, мулкчилик тузилмасини мураккаблаштириш ёки назоратни учинчи шахсларга ўтказиш учун ишлатилади.

Комплекс таҳлил

Лойиҳа шубҳали операцияларни мажбурий комплекс таҳлил қилишни жорий этади. Банклар қуйидагиларни амалга ошириши керак бўлади:

  • транзакция иштирокчилари ҳақидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш;
  • операция тафсилотлари ва маблағлар манбаларини аниқлаштириш;
  • очиқ манбалар (ОАВ, ижтимоий тармоқлар) орқали мижозларнинг ишбилармонлик обрўсини текшириш;
  • операциялар географияси, тузилмаси ва частотасини таҳлил қилиш;
  • иштирокчилар ўртасидаги алоқаларни, жумладан, аффилланганлик ва бенефициарни яширишга бўлган уринишларни аниқлаш.

Таҳлил якунлари бўйича банклар мижознинг хавф даражасини қайта кўриб чиқишлари, зарур ҳолларда ваколатли органларни хабардор қилишлари ва хавфларни камайтириш чораларини кўришлари шарт.

Алоҳида нормада кўзда тутилишича, агар текширув ўтказилиши маълумотнинг мижозга ошкор бўлишига олиб келиши мумкин бўлса, банк уни ўтказмасликка ва дарҳол ваколатли органга шубҳали операция ҳақида хабар юборишга ҳақли.

Эслатиб ўтамиз, ушбу лойиҳа доирасида пул ўтказмаларига бўлган талабларни кучайтириш таклиф этилмоқда. Банклар юборувчи ва қабул қилувчи ҳақида тўлиқ маълумот тўплаши шарт бўлган операциялар чегарасини 30 дан 25 БҲМгача — 10,3 млн сўмгача тушириш таклиф этиляпти. Янги қоидалар яшаш манзили ва туғилган санаси каби қўшимча маълумотларни тўплашни назарда тутади.