
177 та банк картасидан маблағларни масофадан туриб ўғирлаган фуқаролар гуруҳи гумонланмоқда, дея хабар берди Ўзбекистон ИИВ Киберхавфсизлик маркази матбуот хизмати.
Идоранинг хабар беришича, қоидабузарлар Android қурилмалари учун APK кенгайтмали вирус дастурлари ёрдамида фойдаланувчиларнинг телефонларидаги SMS-хабарлар, контактлар, қўнғироқлар тарихи ва бошқа маълумотларга кириш имкониятини қўлга киритган. Сўнгра улар банк карталарига кириш имкониятини очиб, улардан маблағларни ўғирлаган.
Гуруҳ аъзолари турли давлатлар фуқаролари бўлиб, улар Telegram’даги ёпиқ гуруҳ орқали мулоқот қилган.
«Вирус дастурий таъминотини ўрнатган фойдаланувчиларнинг банк реквизитлари, шунингдек, боғланган телефон рақамларига келган тасдиқлаш SMS-кодлари аниқланди. Фигурантларнинг қурилмаларини кўздан кечириш чоғида 177 та банк картасидан қарийб 1 миллиард сўм ўғирлангани аниқланди. Ҳаракатлар колл-марказ орқали бошқарилган», — дейилади хабарда.
Жиноят иши қўзғатилган, гумонланувчилар ҳибсга олинган. Тергов олиб борилмоқда.