
Тошкент вилоятида мамлакатдаги «етакчи тижорат банкларидан бири»нинг операциялар бошқармаси бошлиғи ўринбосари қўлга олинди, деб хабар берди Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати.
Идора маълумотларига кўра, аввалроқ вилоят Солиқ бошқармаси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи корхонада аудиторлик текшируви ўтказган. Унинг якунларига кўра 72,96 млрд сўмлик (тахминан 6 млн доллар) солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар аниқланган.
Таъкидланишича, банк ходими тизимда юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш — «масалани ҳал қилиб бериш» эвазига 110 минг доллар талаб қилган.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбир давомида гумонланувчи келишилган пулнинг бир қисми сифатида 30 минг долларни олаётган вақтида қўлга олинган, дейилади хабарда.
Гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора беришда шериклик) билан жиноят иши қўзғатилган.
Гумонланувчи қамоққа олинган.