ДХХ раиси Баҳодир Қурбонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти этиб сайланди

Баҳодир Қурбонов ЎФА президенти

Ўзбекистон футбол ассоциациясининг (ЎФА) янги президенти Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов бўлди. Бу ҳақида спорт ташкилоти матбуот хизмати хабар берди.

2025 йил 22 февраль куни ЎФАнинг навбатдан ташқари сайлов конгресси бўлиб ўтди. Баҳодир Қурбоновнинг номзоди Ассоциация президенти лавозимига барча делегатлар томонидан маъқулланди.

Бош вазир Абдулла Арипов таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёевнинг саъй-ҳаракатлари туфайли мамлакатда болалар, оммавий ва профессионал футболни ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш, мураббийларни ўқитиш, терма жамоалар фаолиятини мувофиқлаштириш ва футболчиларни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.

У Баҳодир Қурбоновни ЎФА раҳбари лавозимига сайлангани билан табриклаб, соҳа ривожи йўлида муваффақиятлар тилади.

«Ишончим комил, ўзбек футболи жадал ривожланишда давом этади ва миллий терма жамоамиз бутун халқнинг орзуси бўлган жаҳон чемпионати йўлланмасига эга бўлади», — деб таъкидлади бош вазир.

Халқаро футбол федерациясининг (ФИФА) Осиё ва Океания бўйича директори Баласингам Санжеван сайлов конгресси ФИФА низомига мувофиқ равишда ўтказилганини қайд этди.

Футбол эксперти Алишер Никимбаев таъкидлашича, Баҳодир Қурбонов Ўзбекистон мустақилликка эришганидан бери Федерация/Ассоциациянинг саккизинчи президенти бўлди. Унгача бу лавозимни қуйидагилар эгаллаган:

– Тошкент шаҳар собиқ ҳокими Адҳам Фозилбеков (1992−1993);
– Ўзбекистон собиқ бош вазири Абдулҳошим Муталов (1993−1995);
– Ички ишлар вазирлигининг собиқ раҳбари Зокир Алматов (1995−2005);
– Бош вазир ўринбосари, сенатор Мираброр Усмонов (2006−2017);
– Тадбиркор Умид Аҳмаджонов (2017−2018);
– Биринчи бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов (2018−2019);
– Давлат хавфсизлик хизмати собиқ раҳбари Абдусалом Азизов (2019−2025).