
Тадбиркор Баҳодир Тожимирзаевич Абдуллаев «Ўзметкомбинат» АЖ бошқаруви раиси — бош директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси матбуот хизмати корхона Кузатув кенгаши қарорига таяниб хабар берди.
У бу лавозимда 2024 йил октябрь ойида корхонага раҳбарлик қилган Дилшод Аҳмедовнинг ўрнига тайинланди.
Баҳодир Абдуллаев 1967 йил 5 декабрда Андижон вилоятининг Шаҳрихон шаҳрида туғилган. Абдуллаев саноат, қурилиш, медиа ва бошқа соҳаларда 20 дан ортиқ компанияни бирлаштирган йирик холдинг — B.A Holding асосчиси ва раҳбари. Холдинг 2007 йилда ташкил этилган бўлиб, лойиҳаларнинг умумий қиймати 151 миллион долларни ташкил этади.
B.A Holding таркибига қуйидаги металлургия корхоналари киради:
- Tai Chang Special Steel — металл прокати ишлаб чиқариш, йиллик айланмаси — 120 миллион доллар;
- Shengli Steel — турли фракциялардаги йўл қурилиши учун тўлдирувчи материаллар, шунингдек, цемент ишлаб чиқариш учун металл кукуни ишлаб чиқариш. Йиллик айланмаси — 2,5 миллион доллар;
- Emirate Steel — пўлат, чўян ва металл прокати ишлаб чиқариш, йиллик айланмаси — 6 миллион доллар;
- Sirdarya Metal Construction — металл конструкцияларини ишлаб чиқариш ва монтаж қилиш, йиллик айланмаси — 5,2 миллион доллар.
2022 йил август ойида Тадбиркорлар куни муносабати билан президент Баҳодир Абдуллаевни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлаган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг апрель ойида президент қатор йирик давлат корхоналари, жумладан, «Ўзметкомбинат»ни хусусийлаштириш механизмини тасдиқлаган эди. Ҳужжатга кўра, Ўзбекистон металлургия комбинати учун носоз активларни қисқартириш, қарздорликни қайта таркиблаш ва молиявий соғломлаштириш бўйича чора-тадбирлар мажмуи кўзда тутилган.
Ушбу чора-тадбирлар 2025 йил 1 ноябргача амалга оширилиши керак, шундан сўнг 2026 йил 1 мартдан бошлаб давлат улушини сотиш бўйича очиқ халқаро савдолар жараёни бошланади.
Ўзбекистон металлургия комбинати Марказий Осиёдаги биринчи металлургия корхоналаридан бири, металл прокати ва пўлат майдаловчи шарлар ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхона.
«Ўзметкомбинат»нинг 2024 йил якунлари бўйича соф фойдаси 282,6 млрд сўмни ташкил этди, бу 2023 йилга нисбатан 45%га кам (513,7 млрд сўм). Ҳисобот даврида даромад 10,3%га камайиб, 7,4 трлн сўмни ташкил этди.