Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 30/01/2026

ИИВ Жазони ижро этиш департаментига Азизхон Умархонов раҳбар этиб тайинланди

Азизхон Шарипхонович Умархонов Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти бошлиғи лавозимига тайинланди. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу борадаги фармойишни имзолади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.

Азизхон Умархонов 2021 йил август ойидан буён Тошкент шаҳрининг Олмазор тумани ҳокими лавозимида ишлаб келаётган эди.

У 2000 йилда ИИВ Академиясини тамомлаган ва шу йиллар давомида ички ишлар органлари тизимида фаолият юритган.

2020—2021 йилларда ИИВ Жамоат тартибини сақлаш ва патруль-пост хизмати бош бошқармасига раҳбарлик қилган.

2018—2020 йилларда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг жамоат тартибини сақлаш бўйича ўринбосари лавозимида ишлаган.

Жазони ижро этиш департаментининг аввалги бошлиғи Рустам Турсунов ноябрь ойида ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари — Жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев билан биргаликда лавозимидан озод этилган эди. Куни кеча Президент уларнинг иккаласига нисбатан ҳам жиноят иши қўзғатилганини маълум қилди.