
Тошкент шаҳар Миробод тумани жиноят ишлари бўйича суди 2025 йил 15 сентябрь куни собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов, Қишлоқ хўжалигида хизматлар кўрсатиш агентлигининг собиқ раҳбари Хуснуддин Каримов ва бошқа шахсларга (жами 62 киши) нисбатан ишни кўриб чиқишни якунлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Абидов хабар берди.
Азиз Воитов 2023 йил октябрь ойида лавозимидан озод қилинган ва ўша йилнинг декабрь ойида қамоққа олинган эди. Суд мажлиси бир йил аввал – 2024 йил 5 сентябрда бошланган. Суд жараёнларининг очиқлигини таъминлаш чақириқларига, жумладан, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан бўлган мурожаатларга қарамай, суд жараённи ёпиқ тарзда ўтказишга қарор қилди.
Биринчи инстанция судининг ҳукмига кўра, Азиз Воитов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» бандида (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан жуда кўп миқдорда талон-торож қилиш) ва бошқа моддаларда (қайси моддалар эканлиги аниқлаштирилмаган) назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилди.
У моддий зарарни тўлиқ қоплагани муносабати билан, унга ойлик иш ҳақининг 30%ни давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил ахлоқ тузатиш ишлари жазоси, шунингдек, 400 базавий ҳисоблаш миқдорида (164,8 млн сўм) жарима тайинланди. У 3 йил муддатга раҳбарлик, мансабдорлик ва моддий жавобгар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинди.
Хуснуддин Каримов «Жиноят кодексининг тегишли моддалари»га (аниқлаштирилмаган) кўра, 8,5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳамда 3 йил давомида мансабдорлик ва моддий жавобгар лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилишга ҳукм қилинди.
Қолган 60 нафар судланувчига келсак, уларнинг 9 нафари озодликдан маҳрум қилиш жазосига, 51 нафари эса озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларга ҳукм қилинган.
Олий суднинг қайд этишича, биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлган томонлар апелляция/кассация тартибида шикоят ёки протест киритишлари мумкин.
Азиз Воитов 2022 йил августдан 2023 йил октябргача қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида ишлаган. Бундан аввал, 2020 йил мартдан бошлаб инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.