
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармонига мувофиқ, мамлакат ички ишлар вазири лавозимига генерал-майор Азиз Анварович Тошпўлатов тайинланди. У бунгача Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармаси бошлиғи лавозимида ишлаган. Бу ҳақида давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
2025 йил 3 март куни Азиз Тошпўлатов номзоди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан маъқулланди.
Азиз Тошпўлатов (1978 йилда туғилган) 2020 йил мартидан буён Тошкент шаҳар ИИББ раҳбари лавозимида фаолият юритган. Ундан олдин 2019—2020 йилларда ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари, 2017—2019 йилларда Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи, 2015—2017 йилларда эса Наманган вилояти ИИБ бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Янги лавозимда Азиз Тошпўлатов Пўлат Бобожоновни алмаштирди. Бобожонов 2017 йил сентябридан буён ички ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган эди.
Пўлат Бобожонов (1961 йилда туғилган). 2012 йилдан ички ишлар вазири этиб тайинлангунига қадар Хоразм вилояти ҳокими бўлган. Ундан олдин эса Бухоро ва Жиззах вилоятлари прокурори сифатида фаолият юритган. 2005—2006 йилларда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ ва валюта жиноятларига қарши кураш департаментини бошқарган, 2000—2005 йилларда эса бош прокурор ўринбосари лавозимида ишлаган.