Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Сиёсат 03/02/2026

Аюбхон Раҳматуллаев Фарғона вилояти ИИБ бошлиғи этиб тайинланди

Аюбхон Раҳматуллаев Фарғона вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди, деб хабар берди Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

У ушбу лавозимда аввалроқ фавқулодда вазиятлар вазири этиб тайинланган Азизбек Икромовнинг ўрнини эгаллади. Бошқарманинг собиқ раҳбари янги иш жойига тантанали равишда кузатилди.

Ўтказилган йиғилишда Фарғона ва Қўқон шаҳарларида жиноятчилик ортгани кескин танқид қилинди. Шу муносабат билан 2026 йил учун Фарғона вилоятида хавфсизликни ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Расмийлар вилоятдаги барча 1015 та маҳаллада комплекс ишларни амалга оширишни, шунингдек, ижтимоий профилактика тизимида «хонадонбай» ишлашнинг намунали тартибини жорий этишни режалаштирмоқда.

Бунинг учун видеокузатув камералари ўрнатилади ва улар ИИБнинг Ягона тезкор бошқарув марказига интеграция қилинади.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланиши ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш, шунингдек, хотин-қизлар ва болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилади. Бундан ташқари, вилоятнинг туман ва шаҳарларида, жумладан хусусий таълим муассасаларида «ЙТҲсиз мактаб» лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Йиғилишда интернетдаги фирибгарлик, шахсий маълумотлардан ноқонуний фойдаланиш ва электрон тўлов тизимларига бўладиган ҳужумлар профилактикасини кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун бундай жиноятларни барвақт аниқлаш имконини берувчи замонавий таҳлил усулларини жорий этиш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, мутасадди идораларга ҳар бир оғир ва ўта оғир жиноятнинг сабабларини батафсил таҳлил қилиш ва уларнинг содир этилишига имкон берувчи омилларни бартараф этиш топширилди.