
Бир неча ой давомида аёл ва унинг беш ойлик боласини ғайриқонуний равишда молхонада сақлаб, онага нисбатан зўравонлик қилиб келган эркак ва унинг уч нафар қариндоши узоқ муддатли озодликдан маҳрум қилиш жазосини олди. Бу ҳақда 2026 йил 12 январь куни Ўзбекистон Олий суди матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Болали аёл ҳақида 2025 йилнинг август ойида маълум бўлган эди. Сурхондарё вилояти Узун туманидаги маҳаллалардан бирининг фуқаролари содир бўлаётган воқеалардан хабар топиб, ички ишлар органларига мурожаат қилган. Уй эгалари профилактика инспекторини молхонага киритишмаган, бироқ у қаршиликни енгиб, эшикни очган. У ерда уй эгасининг шаърий никоҳидаги 28 ёшли аёли ва чақалоғи топилган.
Аёлга организми ҳаддан ташқари озиб кетгани (ҳолсизлик) ташхиси қўйилган. Унинг тарвуз пўчоқлари билан овқатланишга мажбур бўлгани хабар қилинган эди. Она ва бола шифохонага ётқизилиб, уларга тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган.
44 ёшли Ш. А. исмли эркак ва унинг 3 нафар қариндоши — опа-синглиси М. Ш. (50 ёш), К. Ш. (47 ёш) ҳамда онаси З. А. (74 ёш) ҳибсга олинган (онасига нисбатан уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган).
Туман ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 126-1-моддаси 7-қисми «а» ва «е» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан ҳомиладорлиги аён бўлган аёлга нисбатан ҳаёт учун хавфли бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.
Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг қарорига кўра, эркак Жиноят кодексининг тўртта моддаси билан айбдор деб топилди:
- 126-1-модда — оилавий (маиший) зўравонлик;
- 127-модда — вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш;
- 25-модда орқали 135-модда — одам савдосига суиқасд қилиш;
- 138-модда — зўрлик ишлатиб, ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш.
Унинг 3 нафар қариндоши 104-модда (қасддан баданга оғир шикаст етказиш), шунингдек, 127, 25-модда орқали 135 ва 138-моддалар билан айбдор деб топилган.
Суд ҳукми билан эркак 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. Опа-сингилларнинг ҳар бирига 9 йилдан қамоқ жазоси, онасига эса 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

