Айдаркўлда йирик пляж кластери яратилмоқда — «Анталия пляжларидан қолишмайди»

Жиззах вилоятидаги Айдар-Арнасой кўллар тизими қирғоғида замонавий туристик кластер қурилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий банки (ЎзМБ) бошқаруви раиси Алишер Мирсоатов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

29 гектар майдондаги лойиҳа президент Шавкат Мирзиёевга Жиззах вилоятига ташрифи доирасида тақдим этилган.

Алишер Мирсоатовнинг сўзларига кўра, ҳозирда Айдаркўлга (Айдар-Арнасой кўллар тизимидаги сунъий сув ҳавзаси – таҳр.) дам олувчилар тартибсиз равишда келади ва бир кунда бу ерга 2000 га яқин киши келиши мумкин. Лойиҳани ишлаб чиқишда хорижий, жумладан, Европа тажрибаси ўрганилган. Шундан келиб чиқиб, 5 гектар майдонда чўмилиш ва дам олиш зонаси ташкил этилган.

«Бу ерда турли айвонлар, топчанлар (ёки улар „газебо“ деб аталади), дам олиш жойлари, пиёдалар йўлаклари, кийиниш хоналари назарда тутилган. Биз овқатланишни ташкил этиш, салқин ичимликлар ва бошқа хизматларни тақдим этиш зарурлигига эътибор қаратдик», — деди ЎзМБ раҳбари.

Кўл қирғоғида шифобахш балчиқлар ҳам мавжуд. Алишер Мирсоатовнинг сўзларига кўра, улар асосида 210 ўринли йил давомида фаолият юритувчи санаторий қурилади. Бундан ташқари, 110 кишилик капсула меҳмонхоналар (хоналарда 2-4 киши) ҳамда нархи янада ҳамёнбоп, 2-8 кишига мўлжалланган хоналар ҳам назарда тутилган.

«Фуқароларимиз арзон хостелда яшашни, капсула меҳмонхонасида қолишни ёки турли муолажалар билан санаторийда даволаниб, бир неча кун қолишни танлашлари мумкин», — дея таъкидлади.

Сайёҳлар учун фаол дам олиш турлари ҳам мавжуд бўлади: чўлда махсус техникаларда саёҳат, картинг, болалар майдончалари, пляж волейболи ва футбол. «Умуман олганда, дам олувчилар учун бу ерда бир неча кун тўлиқ дам олишлари учун барча шароитлар яратилмоқда», — дея қўшимча қилди Алишер Мирсоатов.

Лойиҳанинг умумий қиймати 220 миллиард сўм (17,5 миллион доллар) деб баҳоланмоқда. 29 гектардан 3 гектардан ортиғи кўнгилочар ва ёрдамчи инфратузилмага ажратилган. Қурилиш тугагандан сўнг мажмуа бир вақтнинг ўзида 610 нафар дам олувчини қабул қила олади. Бу ерда 200 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Форс кўрфази мамлакатлари инвесторлари томонидан қизиқиш билдирилганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Туризм қўмитаси делегациясининг яқинда Форс кўрфази мамлакатларига ташрифи хорижий ҳамкорларда Ўзбекистоннинг туристик йўналишларига катта қизиқиш уйғотган.

Бу мамлакатларда тоғлар ва қишки туризм йўқлигини, бу эса Ўзбекистонни жозибали манзилга айлантиришини қайд этди.

«Улар Зомин ва Бахмалдаги тоғларимизга, шунингдек, у ерда таклиф этилаётган турли қишки ва тоғли туризм маҳсулотларига катта қизиқиш билдирдилар», — деди вазир.

Абдуҳакимов Жиззах вилояти бошқа йўналиш – сув ва пляж туризмини ривожлантириш салоҳиятига эга эканлигини ҳам таъкидлади.

«Яхши биламизки, ҳозирда кўплаб фуқароларимиз айнан сув ва пляж дам олиши учун чет элга чиқишмоқда ва шу билан бирга хорижда катта миқдордаги валюта қолиб кетмоқда. Шундан келиб чиқиб, муҳтарам президентимиз топшириғига кўра, Ўзбекистонда сув ва пляж туризмини ривожлантириш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда», — дея қайд этди.

Вазир Айдаркўл яқинида яратилаётган кластернинг юқори туристик салоҳиятига ишонч билдирди.

«Ўйлайманки, бу ерда яратилаётган янги туристик кластер қурилиш тугагандан сўнг жуда кўп сайёҳларни – ҳар йили камида 200 минг хорижий ва 1 миллионга яқин ички сайёҳларни жалб қила олади», — деди.

Вазирнинг сўзларига кўра, лойиҳа табиатга зарар етказмаган ҳолда барқарор ва «яшил» туризм тамойилларига риоя қилган ҳолда амалга оширилмоқда.

Унинг қўшимча қилишича, халқаро сув ва пляж туризми марказларига хос бўлган барча асосий хизматлар яратилаётган кластерда ҳам мавжуд бўлади.

«Бир неча йилдан сўнг биз қулайлик даражаси ва инфратузилмаси бўйича Анталия (Туркия), Дубай (БАА) қирғоқлари ва бошқа машҳур денгиз курортлари пляжларидан қолишмайдиган туристик кластер ярата оламиз», — дея таъкидлади вазир.

2023 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Бош прокуратураси Айдар-Арнасой кўллар тизимига келиб тушаётган сув ҳажми йилдан-йилга камайиб бораётгани, унинг сув захиралари 49,2 миллиард куб метрдан 36 миллиард куб метргача қисқарганини маълум қилган эди. Сувнинг минераллашув даражаси 10-11% га ошган, чўлланиш жараёни кузатилмоқда.