
Ўзбекистонда пуллик йўллар қурилишида иштирок этаётган инвесторлар айрим йўналишларда тўлов миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси юридик консультанти Ҳасан Умаровнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг YouTube-каналига берган интервьюсига таяниб, Spot нашри хабар берди.
Унинг сўзларига кўра, ҳақ тўлаш қийматини ҳисоблаш услубиётини Вазирлар Маҳкамаси тасдиқлайди, максимал тариф ставкаларини эса Транспорт вазирлиги белгилайди.
«Агар сиз 100-150 км масофага [оддий йўллар бўйлаб] юрсангиз, йўлда кўплаб радарлар учрайди. Тезликни оширишнинг ҳар бир ҳолати учун 200 минг сўм тўлашга тўғри келади. Пуллик йўл бўйлаб худди шу 200 км масофани босиб ўтиш эса, дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 100 минг сўмга тушади», — деди Ҳасан Умаров.
У тарифлар дифференциялаштирилган бўлишини — трасса бўйлаб тўлиқ юриш учун ва босиб ўтилган ҳар бир километр учун турлича бўлишини қайд этди.
Тарифларни белгилаш тартиби тўғрисидаги низомларни Вазирлар Маҳкамаси «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири кучга кирганидан сўнг тасдиқлайди.
Умаров аввалроқ айтилган баёнотларни тасдиқлади: пуллик йўллар фақат муқобил бепул йўналиш мавжуд бўлган тақдирдагина қурилади. Шу билан бирга, трассалар юқори тезликда ҳаракатланишни таъминлаши ва сифатли хизмат кўрсатиш хизматларини — дам олиш жойлари, ёнилғи қуйиш шохобчалари ва хизмат кўрсатиш станцияларини таклиф қилиши керак.
«Хорижда бўлган фуқароларимиз пуллик йўлларда хизмат кўрсатиш даражаси юқори эканини билишади: ҳар 50-100 км да дам олиш майдончалари, ёнилғи қуйиш шохобчалари, хизмат кўрсатиш зоналари жойлашган. Худди шу талаблар қонунда ҳам мустаҳкамланган», — деди Ҳасан Умаров.
Тезлик
Қонунчилик палатаси депутати Фарҳод Зайниев янги трассалар саёҳат вақтини қисқартириш имконини беришини таъкидлади.
«Агар Тошкент-Андижон йўлини оладиган бўлсак: ҳозирда йўл 5,5-6 соат вақтни олса, янги пуллик йўл орқали 3 соатда етиб бориш мумкин. Бу эса тадбиркорлар ва фуқаролар манзилга тезроқ етиб боришлари мумкинлигини англатади. Ўз навбатида, бу товар айланмасини, юкларни етказиб беришни тезлаштиради, ёнилғи сарфини ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиради», — деди депутат.
Агар умумий фойдаланишдаги йўлларда рухсат этилган тезлик 100 км/соат бўлса, пуллик йўлларда 150 км/соат тезликда юриш мумкин бўлади. Автойўллар тўғрисидаги қонун кучга кирганидан сўнг Йўл ҳаракати қоидаларига қўшимчалар киритилади.
Бундан ташқари, пуллик йўлларда енгил ва юк автомобиллари учун алоҳида йўлаклар ажратилиши мумкин. Бу юк машиналарини қувиб ўтиш билан боғлиқ вазиятлардан қочиш орқали ҳаракат хавфсизлигини ошириш имконини беради.
Ҳасан Умаровнинг қайд этишича, умумий фойдаланишдаги йўллардаги тирбандликлар асосан чорраҳалар туфайли юзага келади, пуллик трассалар эса узлуксиз ҳаракатни таъминлайди. Бошқа йўллар билан кесишишлар турли даражаларда — йўл ўтказгичлар ва кўприклар қуриш ҳисобига ташкил этилади. «Бу светофорлар ва чорраҳалар бўлмайди, дегани», — дея қўшимча қилди.
Давлат-хусусий шериклик (ДХШ)
Қўмита вакили пуллик йўллар тўғрисидаги қонун лойиҳасини тайёрлашда Германия, АҚШ, Хитой, Япония, Корея, шунингдек, МДҲ давлатлари — Россия, Қозоғистон, Беларусь қонунчилиги ўрганилганини маълум қилди.
У пуллик йўллар нафақат қулай, балки давлат учун ҳам иқтисодий жиҳатдан фойдали эканлигини таъкидлади:
«Бир километр йўл қурилиши 900 мингдан 1,5 миллион долларгача тушади. Давлат бюджети бундай харажатларни тўлиқ қоплашга қодир эмас. Шунинг учун ДХШ механизмлари туфайли йўллар инвесторлар ҳисобидан қурилади, тежалган бюджет маблағларини эса мавжуд йўлларга хизмат кўрсатишга йўналтириш мумкин бўлади. Бу давлатга катта фойда келтиради», — деди Ҳасан Умаров.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси 2025 йил 23 сентябрдаги мажлисида «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонунни қабул қилиб, Сенатга юборди. Парламент қуйи палатасининг 2025 йил 8 июлдаги, қонун биринчи ўқишда кўриб чиқилган мажлисида депутатлар Тошкент-Андижон ва Тошкент-Самарқанд пуллик йўллари қурилишига тайёргарлик ишлари аллақачон бошланганини айтган эди. Биринчи босқичда Тошкент-Ангрен участкасини (78 км), иккинчисида — Ангрен-Поп (93 км), учинчисида — Поп-Андижон (143 км) қуриш режалаштирилган эди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент-Самарқанд йўлининг қиймати 2,2 миллиард долларни ташкил этади. Пойтахтдан Андижонгача бўлган тўлиқ трассани 6,3 йилда қуриш режалаштирилган.