Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 26/03/2026

Ўзбекистонда авторақамларни сотиб олиш учун AvtoRaqam иловаси ишга туширилди

Ўзбекистонда давлат рақами белгиларини танлаш ва харид қилиш имконини берувчи AvtoRaqam мобил иловаси (Google Play ва App Store) ишга туширилди. Бу ҳақда йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зоир Йўлдошев маълум қилди.

«Узавтомотобелги» давлат корхонасига тегишли бўлган ушбу илова ёрдамида фойдаланувчилар «чиройли» рақамлар комбинациясини танлашлари мумкин, оддий рақамлар эса тасодифий тартибда (Random) берилади. Ҳар иккала ҳолатда ҳам тақсимлаш инсон омилисиз, автоматик тарзда амалга оширилади, дейилади хабарда.

AvtoRaqam иловасида ҳам жисмоний шахслар (01 A 234 BC форматидаги), ҳам юридик шахслар (01 234 ABC форматидаги) учун рақам белгилари мавжуд. Келгусида чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар учун (сариқ фондаги 01 H 123456 форматидаги) рақамларни расмийлаштириш имкониятини қўшиш режалаштирилган. Шунингдек, AvtoRaqam орқали мотоцикллар (123 MM 01) ёки скутерлар (123 MMM 01) учун ҳам рақам танлаш мумкин.

Фойдаланувчилар берилган ҳарф ва рақамлар бўйича бўш комбинацияларни излашлари ҳамда уларнинг мавжудлигини реал вақт режимида текширишлари мумкин. Иловада нархлар билан танишиш, рақамни банд қилиш ва уни ўз номига расмийлаштириш имконияти яратилган.

Расмийлаштириш ҳолатини шахсий кабинет орқали кузатиб бориш мумкин. Авторизация телефон рақами ёки OneID тизими орқали амалга оширилади. Фойдаланувчилар иловада рўйхатдан ўтиб, тегишли бўлимга ўтгандан сўнг рақам белгисини танлаши ва банд қилиши мумкин. Банд қилингандан сўнг рақам 20 дақиқага захираланади, ушбу вақт ичида тўловни амалга ошириш лозим.

Тўлов иловадаги мавжуд тўлов хизматлари орқали бажарилади. Тўлов тасдиқлангач, ариза ишлов беришга юборилади. Банд қилиш ёки расмийлаштириш ҳолатини шахсий кабинетнинг «Менинг аризаларим» бўлимида кузатиш мумкин.

Техник носозликлар юзага келган тақдирда, иловани охирги версиягача янгилаш ва қайта уриниб кўриш тавсия этилади. Агар муаммо сақланиб қолса, фойдаланувчи вазият тавсифи ва ариза рақамини кўрсатган ҳолда қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилиши керак.

Рақам белгиси харид қилингандан сўнг, уни ЙҲХХ бўлинмасида автомобилга бириктириш лозим. Рақамни танланган ЙҲХХ бўлинмасидан паспорт ёки ID-картани тақдим этган ҳолда олиш мумкин. Агар автомобиль аллақачон эгасининг номига рўйхатдан ўтган бўлса, амалдаги рақамни алмаштириш талаб этилади — транспорт воситаси кўздан кечирилади, давлат божлари тўланади ва рақам бириктирилади. Агар рақам автомобиль билан бир вақтда сотиб олинган бўлса, уни харид қилинган кундан бошлаб 10 кун ичида транспорт воситаси билан бирга рўйхатдан ўтказиш керак.

Аввал хабар берилганидек, 2025 йил 1 октябрдан «Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси» «чиройли» авторақамларни сотиш бўйича аукционларни тўхтатган эди. Аукционларда сотилмаган, шунингдек, ишлаб чиқарилган лекин сотилмаган комбинациялар қуйидагича тақсимланади:

1–3-тоифадаги рақамлар «Узавтомотобелги» корхонаси томонидан белгиланган ягона юқори тўлов эвазига тақдим этилади;

4–6-тоифадаги рақамлар умумий тартибда берилади.

2026 йил 1 январдан «Узавтомотобелги» ноёб рақам белгиларини очиқ электрон аукционларга чиқариш ҳуқуқини олди. Бундай рақамлар олтита белгидан (ҳарф ва/ёки рақам) иборат бўлиши, мавжуд комбинацияларни такрорламаслиги ҳамда тақиқланган ёки одобсиз маъноларга эга бўлмаслиги керак.

Шу билан бирга, корхонанинг расмий сайтида амалдаги тарифлар ва уларни шакллантириш механизми ҳақида батафсил маълумот мавжуд эмас. Шунингдек, очиқ манбаларда талаб юқори бўлган рақам белгиларини сотишдан тушадиган маблағларнинг тақсимланиши ҳақида маълумот берилмаган (илгари маблағларнинг бир қисми давлат бюджетига йўналтирилар эди). ЙҲХХ матбуот хизмати «чиройли» рақамлар учун минимал белгиланган нархлар ҳақида маълумот тақдим эта олмади.

Бундан аввал, 2025 йил октябрь ойида Safe Road иловаси орқали сотилмай қолган 1–3-тоифадаги рақамларни сотиб олиш хизмати йўлга қўйилган эди. Уларнинг нархи жисмоний шахслар учун 7 млн сўмдан (17 БҲМ), юридик шахслар учун эса 10,3 млн сўмдан (25 БҲМ) бошланган эди. Ижтимоий тармоқларда ҳозирда рақамлар нархи 8,65 млн сўмдан бошланаётгани қайд этилмоқда.

2026 йил бошида фойдаланувчилар 3,5 БҲМ (1,44 млн сўм) қийматидаги «оддий» рақамлар вақтинчалик таклифда йўқлигини ва асосан қимматроқ комбинациялар мавжудлигини таъкидлашган эди.