«Чиройли» авторақамларнинг аукцион бекор қилингандан кейинги нархлари 7 млн сўмдан бошланмоқда

«Чиройли» авторақамларни сотиш хизмати Safe Road мобил иловасида ишга туширилди. Бу ҳақда илованинг Telegram-каналида хабар берилди.

Авторақамларни беришни «соддалаштириш» чоралари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 4 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган эди. Авваллари «чиройли» комбинацияли рақамлар фақат Республика товар-хом ашё биржаси платформасидаги аукцион орқали сотилар эди. Қарорда мавжуд механизм фуқаролар учун «мураккаб» эканлиги айтилган. 2026 йил 1 январдан бошлаб аукцион орқали сотиш тўхтатилади.

Рақамни қандай танлаш мумкин

Иловада комбинацияни танлаб, ариза топширилгандан сўнг, рақам жисмоний шахслар учун 24 соат, юридик шахслар учун 72 соат давомида фойдаланувчи учун захирага олинади.

Агар шу вақт ичида тўлов амалга оширилмаса, рақам очиқ базага қайтарилади.

Рақамни танлашда ҳудудни, двигатель турини — бензин, газ, электр ёки гибрид ёқилғида ишлашини кўрсатиш, шунингдек, рақамнинг горизонтал ва квадрат форматда қандай кўринишини томоша қилиш мумкин.

2026 йил 1 январдан бошлаб рақамларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг рўйхатдан ўтказиш-имтиҳон олиш бўлимларидаги (РИБ) инфокиосклар орқали расмийлаштириш мумкин бўлади.

Аввалги эгаси рақамни сақлаб қолиши мумкин, агар у сотиш/қайта рўйхатдан ўтказишдан кейин 3 ой ичида ариза топширса ва ўз тоифаси учун тарифнинг 50%ни тўласа. Агар ариза ўз вақтида топширилмаса ёки тўлов амалга оширилмаса, рақам очиқ базага қайтарилади.

4–6-тоифали рақамлар юқори қўшимча тўловсиз (навбат асосида) амалдаги тартибда берилади.

Исталган комбинацияли рақамларни бериш учун юқори миқдордаги тўловни белгилаш бўйича масъул ташкилот этиб «Ўзавтойўлбелги» корхонаси тайинланган.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Бошқармаси матбуот котиби Зойир Йўлдошев аввалроқ Spot’га маълум қилишича, 1–3-тоифали рақамлар учун ягона юқори тўлов миқдори жисмоний шахслар учун 17 БҲМдан (7 млн сўмдан сал кўпроқ) ва юридик шахслар учун 25 БҲМдан (10,3 млн сўм) бошланади.

Аукционда рақамлар сотувидан олинган даромадлар

Тошкент учун аукциондаги бошланғич нарх ҳар хил ҳарфлар комбинацияси бўлган рақамлар учун 10 дан 100 БҲМгача (4,12 млн сўмдан 41,2 млн сўмгача), бир хил комбинациялар учун 15 дан 130 БҲМгача (6,18 млн сўмдан 53,56 млн сўмгача) бўлган. Бунда аукцион якунларига кўра нархлар бир неча баробар ошиши мумкин эди. Масалан, июнь ойида энг қиммат рақам учун 1,56 млрд сўм (122,2 минг АҚШ доллари) таклиф қилинган, бу бошланғич нарх 187,5 млн сўмдан 8,3 баробар юқоридир.

2023 йилда Товар-хом ашё биржасида 396,1 млрд сўмлик 87 мингта авторақам сотилган. Энг қиммат «чиройли» рақам юридик шахсга 450 млн сўмга сотилган, бу 2021 йилда ўрнатилган рекорддан салгина юқори.

2024 йилда рақамлар савдоси ҳажми икки баравар ошиб, тахминан 800 млрд сўмни ташкил этди. Жами 195 мингта комбинация сотилган бўлиб, шундан 97%и фуқаролар томонидан сотиб олинган.

Рақамларни аукцион орқали беришда БҲМнинг 3,5 баравари миқдоридаги тўлов (1,4 млн сўм) рақамлар билан боғлиқ харажатларни қоплаш учун махсус ғазна ҳисоб рақамига йўналтирилган, 80% — давлат бюджетига, 20% — ИИВнинг моддий-техник базасини ривожлантириш, ходимларни ижтимоий рағбатлантириш ва бошқа харажатлар учун махсус жамғармасига йўналтирилган. Эндиликда «чиройли» рақамлар сотувидан тушумлар қандай тақсимланиши кўрсатилмаган.