
Автомобилни бошқариш учун бериладиган ишончномага ишончли вакилга уни чет элга олиб чиқишга рухсат берувчи бандни киритиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақдаги қарор лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Ҳужжат Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан тайёрланган.
Лойиҳага илова қилинган маълумотномада ишончнома асосида автомобилларни чет элга олиб чиқиш ва у ерда сотиш ҳолатлари кўпайгани қайд этилган. Ҳужжатда келтирилган статистикага кўра, 2024 йилда қарийб 50 нафар фуқарога тегишли транспорт воситаларининг қайтиб олиб кирилмаган ҳолда чет элга олиб чиқиб кетилгани қайд этилган. Фақатгина 2025 йил июнь ойида 8 та шундай ҳолат кузатилган.
Шу билан бирга, 2025 йил июль ойида Божхона қўмитаси 8 кишидан иборат гуруҳнинг Тожикистонга турли русумдаги 59 та транспорт воситасини ноқонуний равишда олиб ўтганини хабар қилган эди. Уларнинг барчаси қўшни давлат ҳудудида ноқонуний сотилган. Машиналар олиб чиқиб кетилган давр аниқлаштирилмаган.
2022 йил сентябрь ойидан бошлаб Ўзбекистонда автомобилни бошқариш ҳуқуқи учун ишончномани электрон шаклда расмийлаштириш имконияти жорий этилган эди. 2024 йил июль ойидан бошлаб автотранспорт воситасини тасарруф этиш ҳуқуқини нотариус орқали онлайн расмийлаштириш мумкин.