
2026 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистондаги автомактабларда назарий қисмни ўқитиш мажбурий бўлмайди, бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 25 октябрдаги 676-сонли қарорида айтилган, дея хабар берди ЙҲХХ матбуот хизмати.
«А» (мотоцикллар) ва «В» (енгил автомобиллар) тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олишни истаганлар ўқув дастурининг назарий қисмини мустақил ўзлаштиришлари мумкин. Бироқ улар амалий қисмни автомактабда ўзлаштиришлари шарт.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 январдан бошлаб мопед ва скутерларни бошқариш учун «А1» тоифасининг янги подкатегорияси жорий этилади. Бундай гувоҳномани олиш учун автомактабга қатнаш мажбурий эмас.
ЙҲХХ томонидан тушунтирилишича, назарий билимларни онлайн, офлайн ёки мустақил ўзлаштириш мумкин, амалий машғулотларни эса аккредитациядан ўтган ўқув ташкилотларида тўлиқ ҳажмда ўташ лозим.
Амалиётни муваффақиятли якунлагандан сўнг, номзодлар одатда 3-4 ой давом этадиган курсни тугатганлик ҳақидаги алоҳида гувоҳномани тақдим этмасдан, бевосита назарий ва амалий имтиҳонларни топширишлари мумкин. Ўқув марказининг хулосаси етарли ҳисобланади.
Қолаверса, ўқув гуруҳларини рўйхатдан ўтказиш талаби бекор қилинади. Илгари автомактаблар гуруҳ тўлиқ шаклланганидан сўнггина уни рўйхатдан ўтказиши керак эди.
Энди номзод гуруҳнинг шаклланишини кутмасдан, ўзига қулай вақтда ўқишни бошлаши мумкин.
Бозорда ҳафтадан 1 ойгача бўлган тезлаштирилган курслар пайдо бўлиши кутилмоқда.

