Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 18/02/2026

Президент Ўзбекистонда автокредит ставкаларини тушириш бўйича топшириқ берди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йил 13 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда автомобиллар учун кредитлар бўйича фоиз ставкаларини пасайтириш бўйича топшириқ берди.

Давлат раҳбари мамлакатда йиллик умумий қуввати 650 минг автомобиль бўлган тўртта йирик корхона — GM, BYD, ADM Jizzakh ва Asaka Motors фаолият юритаётганини таъкидлади.

«[„Ўзавтосаноат“ компанияси бошқаруви раиси Улуғбек] Розуқулов бу йил 300 дан ортиқ маҳаллий корхоналар билан биргаликда кооперация асосида яна 760 та детал ишлаб чиқаришни бошласин. Бу тармоқ учун қўшимча 300 млн долларлик ҳажм дегани. Ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сонини 510 мингтага етказиш керак. Ўтган йили 460 мингта эди. Буни қилса бўладими?» — деди президент «Ўзбекистон 24» телеканалининг «Менимча» кўрсатуви лавҳасида.

Розуқулов жавоб берди: «Муҳтарам президент, албатта, қила оламиз».

Президент, шунингдек, Марказий банк раиси Тимур Ишметовга «Ўзавтосаноат» билан биргаликда бир ҳафта ичида автокредит ставкаларини пасайтириш ва уларнинг ҳажмини ошириш чораларини кўришни топширди.

«[Марказий банк раиси Тимур Ишметов] Розуқулов билан биргаликда бир ҳафта муддатда аҳолининг маҳаллий автомобилларга бўлган талабини рағбатлантириш учун автокредит ставкаларини пасайтириш ва ҳажмини ошириш чораларини кўрсин. Ҳисоб-китобларга кўра, 30 трлн сўмлик автокредитга талаб мавжуд», — деди давлат раҳбари.

Улуғбек Розуқуловнинг сўзларига кўра, ҳозирда компания билан 13 та банк ишламоқда, автокредитлаш эса фаол ривожланмоқда.

«Биз билан 13 та банк ишламоқда. Ҳозир автокредитлаш фаол ривожланмоқда ва маҳсулотларимиз яхши сотиляпти. Кунига 1500 га яқин шартнома тузиляпти. Бу дегани, агар 20 кун ишласак, 30 мингдан ортиқ харидор чиқади — ҳатто ҳозирги қиш мавсумида ҳам», — деб таъкидлади у.

2026 йил 9 февраль ҳолатига кўра, автокредитлар бўйича ўртача ставка 23 фоизни (18 фоиздан 28,2 фоизгача) ташкил этди. Таққослаш учун: 2025 йил 2 июлда кўрсаткич 24,1 фоизга (21,1 фоиздан 29 фоизгача) етган эди.

2025 йилда 21,56 трлн сўмлик автокредитлар ажратилган, бу 2024 йилдагига (қарийб 17 трлн сўм) нисбатан 26,2 фоизга кўп.

Автокредитлаш

2023 йилда Марказий банк автокредитлашнинг ўсишидан хавотир билдирган эди, чунки бу кўрсаткич кредитлашнинг умумий ўсиш суръатларидан бир неча баробар юқори бўлган. Бу автокредитлашнинг концентрация даражасини ошириб, банкларни зарбаларга нисбатан заифроқ қилиб қўйган ва инқироз даврида ёки автомобиллар қадрсизланганда кредитларни қайтариш интизомининг ёмонлашишига ҳамда сезиларли йўқотишларга олиб келиши мумкин эди.

2023 йилнинг биринчи ярми якунларига кўра, 2022 йилнинг шу даврига нисбатан автокредитлар бўйича қарзга хизмат кўрсатиш коэффициенти 13 фоиз пунктига — 56 фоиздан 69 фоизгача ошган, яъни қарз олувчилар ўз даромадларининг ўртача шунча фоизини қарз ва фоизларни тўлашга йўналтирган.

Регулятор автомобиллар учун кредитлар ажратиш талабларини қатъийлаштирди. Молиявий тизим учун хатарларни камайтириш мақсадида банклар кредит портфелида автокредитлар улуши 25 фоиздан ошмаслиги керак. 2024 йил 1 июлдан МБ барча кредитлар (шу жумладан, микроқарзлар) бўйича қарз юки кўрсаткичини 60 фоиз даражасида жорий этди, 2025 йилдан эса уни 50 фоизгача туширди.

Марказий банк банк тизимининг молиявий барқарорлиги тўғрисидаги биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ҳисоботида аҳолининг юқори DSTI (қарз юкининг даромадга нисбати) кўрсаткичига эга ипотека ва автокредитлари бўйича ижобий ўзгаришларни қайд этди. Ўша даврда автокредит олган жисмоний шахсларнинг ўртача DSTI кўрсаткичи 2024 йилнинг биринчи ярмидаги 68 фоиздан 38 фоизгача тушган.

Регулятор маълумотларига кўра, аҳолининг автомобиль сотиб олиш бўйича харид қобилияти ошган. Автокредитларни қайтаришнинг ўртача муддати бироз қисқарганига қарамай, аҳоли даромадларининг ўсиши ва автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкасининг пасайиши ҳисобига автомобилларни кредитга сотиб олиш имкониятлари яхшиланган.

Хусусан, 2025 йилнинг биринчи ярмида ажратилган автокредитлар бўйича ўртача қайтариш муддати 3,7 йилни ташкил этди, бу 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 0,4 йилга кам. Автокредитлар бўйича ўртача фоиз ставкаси 23 фоиз даражасида шаклланди, бу 2024 йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 4 фоиз пунктига паст.

Шу билан бирга, автокредитлаш бозорида регулятор арбитражи билан боғлиқ хавотирлар сақланиб қолмоқда. Автокредитлар бўйича жорий этилган билвосита чекловлар самараси маълум бир кечикиш билан намоён бўлади. Автокредитлар бўйича концентрация хавфи камаймоқда. Бироқ айрим банклар концентрация бўйича амалдаги чекловларни четлаб ўтиш амалиёти орқали аслида регулятор арбитражи механизмларидан фойдаланмоқда.

Регулятор арбитражи (regulatory arbitrage) — молия бозори иштирокчилари томонидан белгиланган чекловларни четлаб ўтиш мақсадида фаолиятни бозорнинг камроқ тартибга солинадиган сегментларига ўтказиш ва (ёки) бошлаш ҳисобига нисбий устунликларга эга бўлишдир.

Марказий банк банклар автокредитлашни қайси соҳаларга ўтказганини кўрсатмади, бироқ бозорда автомобилларни бўлиб-бўлиб тўлаш (рассрочка) билан боғлиқ таклифлар кўпайганини кузатиш мумкин. BNPL («ҳозир сотиб ол, кейин тўла») бозори ҳозирча тартибга солинмаган, аммо регулятор соҳа учун алоҳида қонун қабул қилишни режалаштирган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда двигатель ҳажми 1000 ва 1200 куб см гача бўлган кичик ҳажмли автомобиллар импорти учун имтиёзли божхона божлари амал қилишдан тўхтади. Имтиёзлар 2023 йилда рақобат муҳитини ривожлантириш ва енгил машиналарнинг ҳамёнбоплигини ошириш учун жорий этилган эди.

2025 йил 1 майдан бошлаб импорт қилинадиган электромобиллар учун утилизация йиғими ҳам бир неча баробар оширилган эди (маҳаллийлари учун имтиёз амал қилади).