Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Авто 08/03/2026

Қорақалпоғистонда автокомпонентлар ишлаб чиқариш кластери ташкил этилади

Қорақалпоғистонда автомобиль саноати учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик кластер ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу Ўзбекистон президентининг ҳудудни 2026–2030 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари тўғрисидаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, кластер ҳудудидаги лойиҳа иштирокчилари «Нукус» эркин иқтисодий зонаси (ЭИЗ) резиденти мақомини оладилар.

Кластер, шунингдек, махсус саноат зоналарини ривожлантириш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар иштирокидаги йирик ишлаб чиқариш лойиҳалари учун кўзда тутилган давлат бюджети маблағлари ҳисобидан зарур ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланади.

Кластерда фаолият юритаётган корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун Саноатни ривожлантириш жамғармасига Ўзбекистон Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси («суверен жамғарма») маблағлари ҳисобидан 60,1 млн доллар миқдорида кредит линияси ажратилади.

Кредит 10 йил муддатга, уч йиллик имтиёзли давр ва йиллик 7 фоиз ставка билан тақдим этилади. Маблағлар ишлаб чиқариш ускуналарини сотиб олишга йўналтирилган.

Ҳужжат билан Беруний туманидаги 13 гектар бўш турган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер майдони ҳисобига «Нукус» ЭИЗ ҳудудини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.

Ҳужжатга асосан, 2026 йилда Қорақалпоғистон ялпи ҳудудий маҳсулотини 8,1 фоизга ошириш режалаштирилган. Шунингдек, саноат ишлаб чиқариши ҳажмини 8 фоизга етказиш вазифаси қўйилган.

Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 3,5 млрд долларга етказиш кўзда тутилмоқда. Ишсизлик даражасини 4,2 фоизга, камбағаллик даражасини эса 3,2 фоизгача тушириш режалаштирилган.

Нукус шаҳри, Қўнғирот ва Чимбой туманлари, шунингдек, 109 та маҳаллани ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш кўзда тутилган. Бундан ташқари, меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касблар бўйича 5400 нафар мутахассисни ўқитиш белгиланган.

Бундан ташқари, 2027 йилдан бошлаб Қўнғирот туманида «қуруқ порт» мақомига эга бўлган «Орол» логистика марказини ташкил этиш режалаштирилган.

Машинасозлик кластерини аввалроқ Питнакдаги автомобиль заводи қувватини кенгайтириш ҳисобига Хоразм вилоятида ҳам ташкил этиш режалаштирилган эди.