Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 24/02/2026

Автобусда 13 ёшли болага шилқимлик қилган эркак 6 йилга қамалди

2025 йилнинг февраль ойида Тошкент шаҳар ИИББ 98-йўналишдаги автобусда мактаб ўқувчисига маст ҳолатда шилқимлик қилган эркак қўлга олингани ҳақида хабар берилган эди. 2025 йилнинг 20 июнь куни эркак 6 йил муддатга умумий тартибли колонияга ҳукм қилинганини аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, ўшанда бола содир бўлаётган воқеани видеога олишга муваффақ бўлган эди. Тасвирда 37 ёшли Х. Г. 13 ёшли ўқувчига севиб қолганини айтиб, уни ушлагани ва ўпишга ҳаракат қилгани акс этган. Бола бир неча бор жойидан туришга уринади, лекин бунинг иложи бўлмайди. У ҳайдовчини ёрдамга чақиради, аммо ҳайдовчи дарров эшитмайди. Ҳайдовчи машинани тўхтатганда, эркак болани ҳақорат қилиб, тушиб кетади.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Чилонзор туман суди материалларида айтилишича, эркак автобусда ҳеч ким йўқлигидан фойдаланган. Судда у айбига иқрор бўлиб, пушаймонлигини билдирган. У мастлик таъсирида бўлганини ва ўз ҳаракатларини эслай олмаслигини айтиб, жазони енгиллаштиришни сўраган.

Суд Х. Г.ни 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб уятсиз-бузуқ ҳаракатлар содир этишда айбдор деб топди (Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми, 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади). Унга нисбатан 6 йил муддатга умумий тартибли колонияда озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Жиззах вилоятида туғилган Х. Г. муқаддам вилоят судлари томонидан тўрт марта жиноий жавобгарликка тортилган:

  • 2012 йил октябрда у товламачилик айби билан 3 йил ахлоқ тузатиш ишларига ҳукм қилинган.
  • 2013 йил мартда номусга тегишга суиқасд қилиш учун 3,5 йилга озодликдан маҳрум этилган, бироқ ўша йилнинг октябрида суд жазони енгилроғига — қолган 1,5 йил муддатни иш ҳақининг 30 фоизини давлат фойдасига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишларига алмаштирган.
  • 2014 йил июнь ойида суд уни ўғирлик учун 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.
  • 2019 йил февралда маъмурий назорат қоидаларини бузгани учун 1 йилга озодликни чеклаш жазосини олган. Ўша йилнинг ноябрь ойида эса жазонинг қолган 3 ой-у 20 кунлик қисмини ўташдан шартли равишда озод қилинган.

Яқинда Ўзбекистон президенти 2026 йилга мўлжалланган давлат дастурини тасдиқлади, унда аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик учун жазони кучайтириш, шунингдек, педофилия учун умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазосини жорий этиш кўзда тутилган. Қонунчиликка ўзгартиришлар йил давомида ишлаб чиқилиши керак.