Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 02/04/2026

«Биз сизга автобус рулини ишониб топшира олмаймиз». Ўтиш жойида она ва болани уриб юборишига сал қолган ҳайдовчи ишдан бўшатилди

Тошкентдаги пиёдалар ўтиш жойида она ва болани уриб юборишига бир бахя қолган автобус ҳайдовчиси ишдан бўшатилди, деб хабар берди «Тошшаҳартрансхизмат» компанияси. Ҳодиса 2026 йил 30 март куни соат 17:50 атрофида Янги Сергели кўчасидаги бир неча йўлакли тартибга солинмаган (светофорсиз) ўтиш жойида содир бўлган.

Автомобиллардан бирининг видеорегистраторига муҳрланган тасвирда машиналар пиёдаларни ўтказиб юбориш учун тўхтаганини кўриш мумкин. Аёл ўғли билан барча полосалардан ўтиб, энг чап қаторга яқинлашганда, 104-йўналишдаги (12-автопарк) автобус тезлигини камайтирмасдан уларга тегиб ўтган ва ҳаракатда давом этган. Зарб оқибатида аёлнинг қўлидан телефони ва бошқа буюмлари учиб кетган.

«Тошшаҳартрансхизмат» маълум қилишича, 59 ёшли ҳайдовчи А. Собиржонов ўша куннинг ўзидаёқ ишдан бўшатилган.

Компанияда ўтказилган йиғилишда бошқарув раиси ўринбосари Комилжон Қодиров шундай деди: «Ҳар куни эрталаб сизларга бириктирилган ЙҲХБ ходимлари йўриқнома ўтади, шундайми? Сизнинг 15 йиллик стажингиз бор. Бу кўчадан кунига неча марта ўтасиз? У ерда пиёдалар ўтиш жойи борлигини биласиз-ку… Кунига 20 та рейс [бажарасиз]».

«Сиз туфайли она ва бола ҳалок бўлиши мумкин эди. Биз сизга жамоат транспорти, яъни автобус рулини ишониб топшира олмаймиз», — дея қўшимча қилди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2023 йил сентябрь ойида тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегиясида 2024 йилдан бошлаб аҳоли пунктларидаги барча янги икки ва ундан ортиқ полосали автомобиль йўлларидаги пиёдалар ўтиш жойларида светофорлар ўрнатиш мажбурий бўлиши кўзда тутилган эди. 2030 йилгача эса барча шундай ўтиш жойларини светофорлар билан жиҳозлаш режалаштирилганди. Бироқ стратегиянинг жорий йил февраль ойида қабул қилинган янги таҳриридан ушбу банд олиб ташланди.

Расмий органлар хавфли ўтиш жойи светофор билан жиҳозланиши ёки йўқлиги ҳақида маълумот бермаган.