
Наманган вилоятининг Косонсой туманида ҳайдовчи 6–7 йўловчига мўлжалланган Damas микровенида икки ўндан ортиқ болани боғчага олиб кетаётгани аниқланди, деб хабар берди вилоят ЙҲХХ бошқармаси матбуот хизмати.
2025 йил 23 апрель куни «Жар» маҳалласидан ўтаётган пайтида, ЙПХ ходими томонидан тўхтатилган автомобилда ҳайдовчи ва аёлдан ташқари 25 нафар бола бўлган.
Ҳайдовчи болаларни маҳаллада жойлашган хусусий боғчага олиб кетаётганини айтган.
ЙҲХХ маълумотига кўра, ҳайдовчига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённома расмийлаштирилган ва транспорт воситаси жарима майдонига жойлаштирилган.
Таъкидлаш керакки, Ўзбекистонда кўп сонли болаларни Damas’да ташиш жуда кенг тарқалган ҳолат бўлиб, болаларни мактаб ва боғчаларга олиб бориш ва олиб келиш учун махсус микроавтобус ва автобуслар амалда деярли қўлланилмайди.
Ўтган йил кузда Андижонда Damas’да 32 нафар бола ташилган ҳолат қайд этилган эди — бу рекорд ҳисобланади.
Ҳозирги хавфсизлик талабларига жавоб бермаслигидан қатъи назар, бу автомобиль Ўзбекистонда кенг қўлланилади ва кўп ҳолларда жамоат транспорти вазифасини ҳам бажаради, маршрут таксилари ва автобусларнинг ўрнини босади.
2021 йилдаги маълумотларга кўра, Тошкент вилоятида рўй берган йўл-транспорт ҳодисаларининг 21% (ҳар бешинчи ҳолатда) Damas иштирок этган. Шунингдек, Олмалиқда ЙТҲларнинг 42%, Қуйичирчиқ туманида эса 35% Damas иштирокида содир бўлгани қайд этилган.