Ўзбекистонда Chevrolet учун автокомплектлар ишлаб чиқарувчи корхона 18,2 млн долларга сотилди

Давлат активларини бошқариш агентлиги (ДАБА) Avto Climate Control компаниясидаги давлат улуши сотилганини маълум қилди.

Савдо натижаларига кўра, корхонанинг янги эгаси Best Pipe and Parts компанияси бўлди. У давлат улушининг 100% учун 230 миллиард сўм (Марказий банк курси бўйича қарийб 18,2 миллион доллар) таклиф қилди. Битим Хусусийлаштириш бўйича давлат комиссияси томонидан маъқулланди.

ДАБА хабарига кўра, харидор 1 ой ичида сумманинг 35% тўлашни ўз зиммасига олди. Таклиф этилган нарх жалб этилган консультант – Portfolio Investment компанияси томонидан ҳисобланган индикатив диапазоннинг юқори қисмида бўлиб, активнинг баҳоланган қийматидан ошди, дейилади хабарда.

Савдолар 2024 йил август ойида эълон қилинган эди. Биринчи босқичда 4 инвестор сотиб олишга қизиқиш билдирди, улардан 3 таси белгиланган муддатда мажбурий таклифларни тақдим этди.

Келишув шартларига кўра, харидор Avto Climate Control’нинг асосий фаолият турини камида 10 йил давомида сақлаб қолиш мажбуриятини олади. Бундан ташқари, Best Pipe and Parts General Motors томонидан тасдиқланган етказиб берувчи билан техник қўллаб-қувватлаш бўйича лицензия келишувларига, шунингдек, GM ускуналаридан фойдаланиш бўйича Бош альянс томонидан белгиланган шартларга риоя қилиши керак.

Харидор ҳақида

«Best Pipe and Parts» АЖ (2023 йилгача — Uz-Dongwon Co) 1996 йилдан бери бозорда фаолият юритади ва автомобиллар учун бутловчи қисмлар ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Компаниянинг устав капитали 297 миллион сўмни ташкил этади. Энг йирик акциядорлар:

  • UzAuto Korea — 42,3%;
  • UzAutoComponents — 24,44%;
  • Жанубий Кореянинг Dongwon Metal компанияси — 24%;
  • Салима Тошқўзиева — 9,26%.

2025 йил февраль ойида Best Pipe and Parts «Автокомпонент» компаниясининг 98,8% улушини 105 миллиард сўмга сотиб олди. Ўша битимда ҳам фаолиятни сақлаб қолиш ва GM ҳамкорлари билан лицензия келишувларига риоя қилиш бўйича мажбуриятлар кўзда тутилган эди.

Компания ҳақида

Avto Climate Control 2010 йилда «Ўзавтосаноат» ва Жанубий Кореянинг ERAE CS Ltd. қўшма корхонаси сифатида ташкил этилган. Компания UzAuto Motors томонидан ишлаб чиқариладиган Chevrolet автомобиллари учун иситиш ва совутиш тизимларини (радиаторлар, вентиляторлар, конденсорлар) ишлаб чиқаради. Устав фонди 12,59 миллиард сўмни ташкил этади.