
Австралия 2025 йил сентябрь ойида бўлиб ўтадиган БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида Фаластин давлатини тан олади. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Энтони Албанезе маълум қилди, деб хабар беради BBC News.
Албанезе сўзларига кўра, Австралия Фаластин маъмуриятидан (ФМ) минтақани қуролсизлантириш, сайловлар ўтказиш ва Исроилнинг мавжуд бўлиш ҳуқуқини тан олиш бўйича мажбуриятлар олган.
“Икки давлатни ташкил этиш тўғрисидаги қарор Яқин Шарқдаги зўравонлик доирасини бузиш ва Ғазодаги можаро, азоб-уқубатлар ва очарчиликка чек қўйиш учун инсониятнинг энг катта умидидир”, — деди Австралия бош вазири.
Унинг таъкидлашича, бу қарор Австралия ҳукумати ФМ президенти Маҳмуд Аббосдан ҲАМАС келажакдаги бирор бир давлатда ҳеч қандай роль ўйнамаслиги ҳақида ваъда олганидан сўнг қабул қилинган.
Аввалроқ Фаластинни тан олиш режалари ҳақида Франция, Буюк Британия ва Канада эълон қилган эди.
Исроил бош вазири Биньямин Нетаняҳу уларни танқид қилди. “Европа давлатлари ва Австралиянинг бу ‘қуён ини’га кириши… мени тушкунликка солади ва менимча, бу ҳатто шармандали”, — деди.
“Улар Мельбурн ёки Сидней яқинида бундай даҳшатли ҳужум содир бўлганида нима қилишларини билишади. Ўйлайманки, сиз ҳам ҳеч бўлмаганда биз қилган ишни қилган бўлардингиз”, — дея қўшимча қилди Нетаняҳу.
Исроил бош вазири, шунингдек, Фаластинни тан олиш ҲАМАС “терроризмини рағбатлантириш” эканлигини айтди.