
Тошкентда 2025 йил 17 декабрь куни МДҲ иштирокчи давлатларининг атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича комиссиясининг 26-йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон, Россия, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон атом тармоғи вакиллари иштирок этди.
Учрашувни очар экан, Ўзбекистон атом энергияси агентлиги («Ўзатом») директори ўринбосари Нозим Муҳсинов мамлакатда ушбу йиғилишнинг ўтказилиши «Ўзбекистон халқаро ядро-энергетика мулоқотининг фаол иштирокчисига айланаётганининг тасдиғи» бўлганини таъкидлади.
Хавфсизлик шарт
Комиссиянинг амалдаги раиси, Қирғизистон ФВВ раҳбарининг биринчи ўринбосари Азамат Мамбетов атом энергетикасини ривожлантириш фақат юқори хавфсизлик стандартлари ва масъулиятга риоя қилинган ҳолдагина мумкинлигини айтди.
«Умумий вазифамиз — халқларимиз фаровонлиги йўлида хизмат қиладиган хавфсиз, самарали ва экологик тоза ечимларни яратишдир», — деб таъкидлади.
«Ўзбекистонда атом тармоғи ва АЭС қурилиши лойиҳаси ҳақида ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, шунингдек, кадрлар салоҳиятини кучайтириш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда», — деди Нозим Муксинов ядро хавфсизлиги мавзусига тўхталиб. Аввалроқ «Ўзатом» мамлакатда АЭС қурилиши лойиҳаси бўйича жамоатчилик эшитувлари 2025 йил 23 декабрь куни бўлиб ўтишини маълум қилган эди.
«Ўзбекистон, шунингдек, тинчлик атомидан фуқаролик тармоқларида фойдаланишни комплекс ривожлантирмоқда», — дея қўшимча қилди Нозим Муксинов. Хусусан, бу соҳадаги лойиҳалар онкологик беморларни ташхислаш ва даволашни яхшилаш учун замонавий ядро тиббиёти инфратузилмасини яратишни, шунингдек, қишлоқ хўжалиги секторига радиациявий технологияларни жорий этишни ўз ичига олади.
МДҲ Бош котиби ўринбосари Илҳом Неъматов, ўз навбатида, октябрь ойида МДҲнинг Душанбедаги саммитида тасдиқланган «МДҲ плюс» Давлат раҳбарлари кенгаши форматига эътибор қаратди. «Яъни, сизда атом, атом энергияси масалалари билан шуғулланувчи кўплаб халқаро ташкилотлар билан жуда яхши ишбилармонлик ва ишчи алоқаларини ўрнатиш имконияти мавжуд», — дея аниқлик киритди Илҳом Неъматов.
Кичик реакторлар ва катта чиқиндилар
Йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтди, бироқ амалий натижалар матбуот учун эълон қилинди. Азамат Мамбетовнинг сўзларига кўра, асосий масалалардан бири кичик қувватли атом реакторларидан фойдаланиш бўлди. Ушбу технология Россияда аллақачон қўлланилмоқда ва Ўзбекистон ҳамда Қирғизистонда жорий этиш кўриб чиқилмоқда.
«Кўплаб мамлакатлар ушбу энергия манбаига ўтмоқда», — деди.
Бундан ташқари, иштирокчилар уран қазиб олишдан зарар кўрган ҳудудларни рекультивация қилиш бўйича давлатлараро дастурнинг боришини муҳокама қилдилар ҳамда МДҲ давлатларининг 2030 йилгача тинчлик атоми соҳасидаги ҳамкорлик дастури доирасида 2021−2025 йилларга мўлжалланган тадбирлар режасининг ижроси тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар.
Тошкентдаги тинчлик атоми муҳокамаси, шунингдек, МДҲ мамлакатлари учун бир вақтнинг ўзида бир нечта узоқ муддатли экологик ва технологик муаммоларга тўхталди, унда томонлар ядровий технологияларни қўллаш имкониятини кўрмоқдалар.
Улардан бири — ўн йиллар давомида тўпланиб қолган ишлатилмаган пестицидлар захирасидир. Баҳоланишича, Марказий Осиё мамлакатларида уларнинг ҳажми 25 минг тоннага, Россияда эса қарийб 20 минг тоннага етади.
Азамат Мамбетов таъкидлаганидек, гап шунчаки омборлардаги чиқиндилар ҳақида эмас, балки тупроқ ва экотизимларга тўғридан-тўғри таҳдид ҳақида бормоқда.
«Айнан ишлатилмаган пестицидлар полигонини яратиш масаласи муҳокама қилинди, бунинг учун оқилона утилизация зарур», — деди комиссия раиси.
Иккинчи мавзу электр транспортининг тез суръатлар билан ўсиши билан боғлиқ. Электромобилларнинг оммавий тарқалиши литий аккумуляторлари ва электр жамлагичларни қайта ишлаш масаласини кун тартибига қўймоқда. Азамат Мамбетовнинг сўзларига кўра, минтақада аккумуляторларни қайта ишлаш ва янги батареялар ишлаб чиқариш учун шароитлар аллақачон шаклланмоқда. «Албатта, илмий ёндашувларсиз бу йўналишда ривожланиш бўлмасди», — дея таъкидлади.

