Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш

Наманган вилоятида 150 млн долларлик Arashan Resort курорти қурилиши бошланди

Наманган вилоятининг Поп туманида йирик Arashan Resort туристик мажмуаси қурилишига илк тамал тоши қўйилди, деб хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.

Қиймати 150 млн доллар бўлган ушбу лойиҳа 600 гектар майдонда амалга оширилади. У тоғ олди ҳудудлари ва Арашан кўллар тизимининг табиий салоҳияти асосида замонавий туристик марказ ташкил этишни кўзда тутади.

Маросимда таъкидланганидек, мажмуа ишга туширилгач, кунига 2500 нафаргача сайёҳни қабул қилиш ва йилига 912 минг кишига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади. 2000 дан ортиқ иш ўрни яратилиши кутилмоқда.

Лойиҳа доирасида экологик, тоғ ва экстремал туризмни ривожлантириш, гастрономик ва маданий майдонлар, шунингдек, рекреация ва соғломлаштириш зоналарини яратиш режалаштирилган. Мажмуа ҳудудида меҳмонхоналар, тематик парклар, тоғ-чанғи объектлари, зиплайн, ресторан ва кафелар, очиқ осмон остидаги кинотеатр, экобозор, спорт ва болалар майдончалари, шунингдек, термал сувли бассейнлар барпо этиш кўзда тутилган.

Вилоят Инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси Поп тумани бўлими бош мутахассиси Нозимжон Ўлмасов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида ишлар беш босқичдан иборат бўлишини ва уларни икки йил ичида якунлаш режалаштирилганини маълум қилди.

80 млн доллар миқдоридаги тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиладиган биринчи босқични 2026 йил якунига қадар якунлаш мўлжалланмоқда.

Лойиҳа Япониянинг NGEA — Nippon Global Education and Assessment компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда, бу эса унинг халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлаш имконини беради.

Тамал тошини қўйиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов, давлат органлари, жамоат ташкилотлари вакиллари ва нуронийлар иштирок этдилар. Тадбир Наврўз байрами арафасида бўлиб ўтди.

Arashan Resort курортигача бўлган масофа ва бир нечта шаҳарлардан тахминий йўл вақти кўрсатилган:

  • Тошкентдан — 140 км (тахминан 2 соат 22 дақиқа);
  • Андижондан — 201 км (тахминан 3 соат 10 дақиқа);
  • Қўқондан — 93 км (тахминан 1 соат 40 дақиқа).

Аввалроқ Швейцариянинг Bartholet компанияси раҳбарияти Қамчиқ довони ҳудудида ва Арашан кўли атрофида осма йўллар қуриш лойиҳаларини амалга оширишни таклиф қилган эди.

2025 йил август ойида Ўзбекистон президенти Наманган вилояти Чортоқ туманидаги «Қорабоғ» маҳалласида, Фарғона вилоятининг Чимён шаҳарчасида, Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги Омонхона ва Самарқанд вилояти Нуробод туманидаги Нурбулоқ қишлоқларида янги туристик объектлар пайдо бўлишини маълум қилган эди. 300–500 гектар майдонларда мастер-планлар асосида йирик йил бўйи ишловчи курорт зоналари ташкил этилади. Ушбу лойиҳалар инфратузилмаси учун 150 млн доллар ажратилади.