Нукусда ветеринарларга ёрдам бериш бўйича Aral Vet Mission лойиҳаси ишга туширилади

2025 йил 18−21 ноябрь кунлари Самарқанд ветеринария медицинаси институтининг Нукус филиалида Aral Vet Mission таълим лойиҳаси доирасида маърузалар ва маҳорат дарслари бўлиб ўтади.

Сўнгги тўрт йил давомида ННТ Бриджит Бардо Фонди (Fondation Brigitte Bardot, Франция) билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Фонднинг кўнгилли мутахассислари ветеринарларни даволаш, ташхис қўйишнинг замонавий усуллари ва замонавий материаллар билан ишлашга ўргатиш учун йилда икки марта Ўзбекистонга келади.

Энди тошкентлик ветеринарлар жамоаси ушбу тажрибани қорақалпоғистонлик ҳамкасблари билан ўртоқлашади. Маърузаларда Москвадан келган ветеринарлар ҳам иштирок этади.

Бундан ташқари, жамоа замонавий материаллар ва реабилитация препаратларидан фойдаланган ҳолда 100 га яқин мушук ва 40 та итнинг стерилизациясини амалга оширади.

«”Ҳаёт” ННТ ва унинг “Мушуккент” бўлинмаси мамлакатда ҳайвонларни ҳимоя қилишни юқори даражага кўтариш, саводли профессионал ветеринария ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш ҳамжамиятини шакллантириш мақсадида ташкил этилган. Биз ветеринария соҳасининг барқарор ривожланишига ўз ҳиссамизни қўшмоқчимиз ва “Ҳаёт” фаолиятини ҳамда “Мушуккент” дастурини Нукусда кенгайтиришга кўмаклашмоқчимиз», — дейишади ташкилотчилар.

Фаоллар ҳамкорлик қилаётган Бриджит Бардо Фонди 1986 йилда франциялик актриса Бриджит Бардо томонидан ҳайвонларни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилган. Ташкилот турли йилларда Жанубий Африкада филлар ва Болгарияда айиқлар учун бошпаналар яратишга ёрдам берган, Қирғизистонда фонд 7000 та итни стерилизация қилиш дастурини қўллаб-қувватлаган.