АҚШ Ўзбекистон фуқароларининг меҳмон визаси учун аризаларининг қарийб 65%ни рад этди

Америка Қўшма Штатлари 2024 молия йилида Ўзбекистон фуқаролари томонидан топширилган В-1/В-2 тоифали меҳмон визаларини бериш бўйича аризаларнинг 64,41% ини рад этди. Бундай маълумотлар АҚШ Давлат департаменти ҳисоботида келтирилган. Бу Марказий Осиё мамлакатлари орасидаги энг юқори кўрсаткичдир.

2023 йилда Ўзбекистон учун рад этиш кўрсаткичи 59,56% ни, 2022 йилда — 47,04% ни, пандемия давридаги 2020 йилда — 74,14% ни, 2019 йилда — 68,06% ни ташкил этган.

Туркманистон фуқаролари учун рад этиш улуши 58,8%, Қозоғистон — 46,29%, Тожикистон — 45,24% ва Қирғизистон — 39,14% ни ташкил этди.

МДҲ давлатлари орасида кўрсаткичлар турлича: Озарбайжонда — 21,46%, Арманистонда — 59,46%, Беларусда — 28,79%, Россияда — 38,56%.

Дунёда энг юқори рад этиш кўрсаткичлари Лаосда — 82,84% ни ташкил этади. Кучли бешликка шунингдек Гвинея-Бисау (76,59%), Сенегал (74,65%), Сомали (77,02%) ва Гвинея (70,25%) киради.

Энг паст рад этиш улуши БААда — 1,46%, Кипрда — 2,16%, Руминияда — 2,61%.

Меҳмон визалари вақтинчалик бизнес (B-1 тоифали виза), туризм, дам олиш ва яшаш (B-2 тоифали виза) ёки ушбу мақсадларнинг барчасини бирлаштирган ҳолда АҚШга киришни истаган шахслар учун ноиммиграцион визалар ҳисобланади.

2025 йил апрель ойида АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ноиммиграцион визаларни олишда Ўзбекистон фуқароларига рад жавоби берилишига туризм ёки бизнес ниқоби остида кўп сонли одамларнинг Қўшма Штатларда узоқ муддат қолиш ҳолатлари сабаб бўлаётганини айтган эди.

“Бугунги кунда кўплаб Ўзбекистон фуқаролари Қўшма Штатларга бориб, у ерда қолишни, иш топишни хоҳлайдилар. Аммо агар улар бунинг учун ноиммиграцион визадан фойдалансалар ва консуллик ходимига ёлғон гапирсалар ва кўп одамлар шундай қилади, унда консуллик ходимларига ким қонуний турист эканлигини ва ким Диснейлендга кетаман деб, аслида АҚШда ишламоқчи эканлигини билиш қийин бўлади. Шунинг учун одамларга виза олиш жуда қийин. Ҳақиқатан ҳам, қонуний турист ёки тадбиркор бўлган кўплаб одамлар борки, уларга виза бериш рад этилади. Бундай бўлганидан жуда афсусдаман”, — дея таъкидлаган эди элчи.