Кредит калькулятори

Кўчмас мулк ва автомобиллар учун онлайн ҳисоблаш

Ҳисоблаш
Жамият 15/09/2025

АҚШ яна 39 нафар фуқарони Ўзбекистонга депортация қилди

2025 йил 7 сентябрь куни АҚШдан Ўзбекистонга Қўшма Штатларда қолиш учун қонуний асослари йўқлиги сабабли депортация қилинган 39 нафар фуқаро етказилди. Бу ҳақда АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси хабар берди.

«Парвоз Қўшма Штатларнинг ўз чегаралари хавфсизлигини таъминлаш бўйича давомли чора-тадбирларининг навбатдагиси бўлди», — дейилади хабарда.

«АҚШ ноқонуний миграцияни тўхтатиш ва мамлакат ҳамда фуқаролар чегараларини ҳимоя қилишга содиқ. Қўшма Штатларга ноқонуний кириб келган шахслар қамоқ жазоси ва депортацияга ҳукм қилинади», — дея огоҳлантирди дипломатик миссия.

Шу билан бирга, АҚШ «депортация операцияларига кўмаклашишда яқин ҳамкорлик учун Ўзбекистон ҳукуматига чуқур миннатдорчилик билдиради», дейилади хабарда.

2025 йил апрель ойида Нью-Йорк — Тошкент махсус рейси билан АҚШда ноқонуний бўлиб турган 100 дан ортиқ киши Ўзбекистонга қайтарилган эди. Парвоз икки давлат ҳукуматлари ҳамкорлигида ташкил этилган.

АҚШ ҳар йили юзлаб ўзбекистонликларни мамлакатдан чиқариб юборади. Аввалроқ 2024 йилнинг дастлабки 9 ойида 572 нафар ўзбекистонлик депортация қилингани ҳақида хабар берилганди. Бу 2023 йилнинг худди шу даврига нисбатан 6,5 баравар кўп.