«Қироллар йўқ» – АҚШда Трампга қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтди

2025 йил 18 октябрь куни деярли 7 миллион киши АҚШ президенти Дональд Трамп ва унинг маъмуриятига қарши норозилик намойишларида иштирок этди. Axios нашрининг ёзишича, митинглар мамлакатнинг барча 50 штатида, шунингдек, Лондон, Париж, Рим ва Лиссабон каби бир қатор бошқа давлатлар пойтахтларида ҳам бўлиб ўтди.

Нашрнинг таъкидлашича, норозилик намойишлари АҚШ ҳукумати ишининг учинчи ҳафта давом этаётган тўхтатилиши ва Трампнинг Демократик партия вакиллари назоратидаги шаҳарларга ҳарбийларни юборишга қаршиликнинг кучайиши фонида бўлиб ўтди.

Митинглар ташкилотчилари сифатида Америка фуқаролик эркинликларини ҳимоя қилиш иттифоқи, Америка ўқитувчилар федерацияси, 50501 ҳаракатлари («50 та норозилик, 50 та штат, 1 та ҳаракат»), Indivisible, MoveOn ва бошқалар иштирок этди.

«Катта ва кичик шаҳар ва қишлоқларда, қишлоқ жойларида ва шаҳар атрофида, … миллионлаб кишилар «Қироллар йўқ» шиори остида тинч йўл билан бирлашиб, аниқ ва равшан хабарни етказмоқда: ҳокимият халқ ихтиёрида», — деди «MoveOn» ижрочи директори Кэти Бетелл.

Нью-Йоркдаги Таймс-скверда минглаб одамлар «Демократия, монархия эмас» ва «Конституция факультатив эмас» деган плакатлар билан тўпланишди.

CNN ёзишича, намойишчилар Трамп сиёсатидаги қатор чоралардан ғазабланган. Асосий мавзулар демократияга таҳдидлар, АҚШ Иммиграция ва божхона назорати хизмати (ICE) рейдлари ва АҚШ шаҳарларига қўшинларни жойлаштириш, шунингдек, федерал дастурлар, айниқса соғлиқни сақлаш соҳасидаги қисқартиришлар бўлди.

Трамп норозилик намойишларига ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғида сунъий интеллект томонидан яратилган видеони эълон қилиш билан жавоб берди. Роликда АҚШ президенти бошида тож билан «Қирол Трамп» ёзувли қирувчи самолётни бошқаради. Нью-Йоркдаги намойишчилар устидан учиб ўтаётган қирувчи улар устига жигарранг лой ёғдиради.

Кейинроқ, «Air Force One» самолёти бортида журналистларнинг саволларига жавоб берар экан, Трамп митингларни «жиддий эмас» деб атади ва унинг фикрича, намойишчилар «бу мамлакатни ифода этмайди». «Айтганча, мен қирол эмасман. Мен қирол эмасман, мен мамлакатимизни буюк қилиш учун тинимсиз меҳнат қиламан, холос. Мен умуман қирол эмасман», — дея қўшимча қилди.